Олий таълим вазирининг барча ўринбосарлари ишдан олинди

09.09.2025 14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари – биринчи ўринбосар Шохруҳ Далиев, ўринбосарлар Отабек Маҳкамов ва Сарвархон Бузрукхонов ишдан олингани эълон қилинди.

Oliy ta'lim

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселекторида хабар берилди.

Жумладан, вазирнинг биринчи ўринбосари Шохруҳ Далиев, ўринбосарлар Отабек Маҳкамов ва Сарвархон Бузрукхонов ишдан олинган. Шунингдек, Президент Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Адхам Худайкулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббаев ҳам лавозимини тарк этди.

Йиғилишда таъкидланишича, мактабгача ва мактаб таълимида дастурлар ишлаяпти, натижалар кўринмоқда. Бироқ касб-ҳунар ва олий таълимга масъул мутасаддилар ҳалигача ислоҳотлар мазмунини тўлиқ англаб етмаган. Президент таъкидлаганидек, уларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш зарур.

Шу муносабат билан ҳокимлар, вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари эндиликда превентив ва проактив ишлашга ўтиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Давлат раҳбари таълимнинг барча босқичларида катта ўзгаришлар амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади.