Путин ҳар сафар Трамп билан гаплашгач, Украинага зарбаларни кучайтирмоқда

18:40 | 5 дақиқада ўқилади.

The New York Times нашри таҳлилига кўра, Путин ҳар гал музокараларга уриниш бўлса, авиаҳужумлар билан жавоб қайтармоқда.

Kyiv under attack1

Владимир Путин Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича Ғарбдаги ҳар қандай дипломатик ҳаракатлар фонида, мамлакатга нисбатан ҳаво ҳужумларини кескин кучайтирмоқда, дейилади The New York Times таҳлилида. Унинг бу стратегияси ҳарбий фронтдаги муваффақиятсизликларни ёпиш, шу билан бирга Доналд Трампнинг тинчлик музокараларига оид ташаббусларини сўндирадиган дипломатик сигнал сифатида баҳоланмоқда.

Таҳлилчилар таъкидлашича, 2025 йилнинг февралидан июлигача Трамп ва Путин орасида олти марта телефон орқали мулоқот бўлган. Уларнинг бештасидан сўнг Россия Украинага нисбатан ўртача ҳажмдан анча юқори кўрсаткичда зарбалар йўллаган. Масалан, 3 июлдаги суҳбатдан кейин Россия бир кунда 550 та ҳужум амалга оширган. Солиштириш учун, йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич ўртача 118 та бўлган.

Фақатгина телефон суҳбатлари эмас, балки дипломатик музокаралар ҳам Москванинг ўта тажовузкор реакциясига сабаб бўлган. Августда Аляскада Трамп ва Путин учрашганидан сўнг, АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинанинг урушдан кейинги хавфсизлиги бўйича янги кафолатлар ишлаб чиқишга киришди. Россия эса жавоб тариқасида Карпатортидаги Америка заводига, Киевдаги Европа Иттифоқи ва Британия кенгашининг биноларига ракетали зарба берди.

7 сентябрда амалга оширилган энг кучли ҳужум эса Ғарбдаги фаол ҳаракатлар билан бевосита боғлиқ. Парижда 26 давлат Украинада тинчлик ўрнатилса, у ерга тинчликпарвар ҳарбийлар юборишга тайёр эканини эълон қилган пайтда, Россия Украинага 823 та зарба воситасини йўллаган. Бу орасида 810 та дрон, 9 та «Искандер-К» ва 4 та «Искандер-М» ракеталари бор эди. «Искандер» ракеталаридан бири Украина Вазирлар Маҳкамаси биносига бориб урилган ва ёнғин келтириб чиқарган.

Европа Иттифоқининг Украинадаги элчиси Катарина Матернова бу ҳужумни «ҳукумат юрагига қасддан қилинган зарба» деб баҳолади. ISW — Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари ҳам шундай хулосага келган: Россия бундай ҳужумларни дипломатик босим сифатида қасддан амалга оширмоқда ва улар Ғарбнинг ҳарбий ёрдамини тўхтатишни асосий ғалаба йўли деб ҳисоблайди.

ISWнинг хулосасига кўра, Россиянинг жанг майдонидаги оғир аҳволи фонидаги ёпирилма ҳужумлар — психологик ва стратегик мақсаддаги сигнал ҳисобланади. Путин Ғарб ёрдами тўхтаса, урушда ғалаба қозониш имконияти бўлишига ишонмоқда. Шунинг учун ҳар қандай тинчлик ташаббусларига ракеталар билан жавоб қайтармоқда.