Совуқ қуролни ноқонуний олиб юрганлик учун жазо кучайтирилади

20:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Совуқ қуролни ғилофсиз ёки спорт ва хўжалик ишларидан ташқари мақсадларда олиб юриш бир йил ичида такроран содир этилса, маъмурий жавобгарлик қўлланади.

QurolФото: uza.uz

Ўзбекистонда совуқ қуролни жамоат жойларида ноқонуний олиб юриш ҳолатлари ортиб бораётгани жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқий тартиботга жиддий таҳдид солмоқда. Шу боис депутатлар қуйи палата мажлисида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилиб, биринчи ўқишда маъқуллади.

Қонун лойиҳасига кўра, совуқ қуролни такроран олиб юрган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари қатъийлаштирилади. Спорт ёки хўжалик ишларидан ташқари, ҳимоя мақсадида ёки бошқа йўсинда қурол олиб юриш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Ҳужжатда оилавий тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларга қурол олиш ҳуқуқини бермаслик белгиланган. Шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик қилган шахсларда мавжуд қуролларни ички ишлар органлари вақтинча олиб қўйиши назарда тутилмоқда.

Лойиҳада наркологик касалликка чалинган шахсларни даволаш тартиби ҳам янгича тартибга солинмоқда. Бир марта маъмурий жавобгарликка тортилган шахс суд қарори асосида мажбурий даволанишга юборилиши мумкин.

Депутатлар таъкидлашича, қонун лойиҳаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, шу билан бирга фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.