Тошкентда ер майдонининг мақсадини ўзгартириш эвазига 900 минг доллар талаб қилганлар ушланди

10:20 | 3 дақиқада ўқилади.

1 гектар ер майдонини кўп қаватли уй қуришга мўлжаллаб бериш учун 900 минг доллар пора талаб қилган шахслар қўлга олинди. Шу билан бирга, Андижон ва Қашқадарёда ҳам мансабдор шахслар катта миқдорда пора олаётганда ушланган.

Dxx

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкор ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга ўтказган тезкор тадбирларда катта миқдорда пора билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.

Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимининг икки ўринбосари фермер хўжалигининг 500 минг долларлик экспорт режасини сохта ҳужжатлар билан ёпиб бериш эвазига 65 млн сўм пора талаб қилган. Уларнинг бири 25 млн сўмни аванс сифатида олган, қолган 40 млн сўмни олаётганда далиллар билан ушланган. Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси асосида иш қўзғатилиб, қамоққа олинган.

Тошкент шаҳрида эса икки шахс Сергели туманидаги 1 гектар ер майдони мақсадини ўзгартириб, кўп қаватли уй қуришга рухсат олиш учун 900 минг доллар талаб қилган. Мурожаатдан сўнг Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбирда улар олдиндан 220 минг доллар олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари бўйича иш очилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Қашқадарё вилоятидаги тадбирда эса «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши раиси ўринбосари ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳонсиз расмийлаштириш эвазига 20 млн сўм олган пайтда ушланган ва жиноят иши қўзғатилган.

ДХХ маълумотида таъкидланишича, тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва коррупцияга қарши курашиш тадбирлари янада кучайтирилмоқда.