Туркий давлатлар ташкилоти миқёсида «E-TIR» электрон тизими жорий қилинади

12:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Бу тизимнинг жорий қилиниши Туркий давлатлар ташкилоти ҳудудида халқаро транзитни рақамлаштириб, вақт ва харажатларни тежашга хизмат қилади.

Tir

2025 йил 6–8 сентябр кунлари Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Божхона раҳбарларининг XI учрашувига мезбонлик қилди. Унда Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Акмал Мавлонов, ТДТ Бош котиби Қувончбек Омуралиев, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Венгриядан вакиллар иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш ва миллий тизимларни интеграция қилиш масаласига қаратилди. Шунингдек, «Ягона дарча» ва «Ягона бекат» орқали чегарадаги текширишларни тезлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Анжуманда транзит ташувларда электрон пломбалардан фойдаланиш, замонавий кузатув технологияларини жорий этиш ва 2022 йилда Самарқандда имзоланган «Соддалаштирилган Божхона йўлаги» битимини амалга ошириш масалалари кўтарилди. Акмал Мавлонов ушбу битим техник ишларини жорий йил октябрига қадар якунлаб, тажриба сифатида ишга тушириш зарурлигини таъкидлади.

«E-Tir» тизимини жорий этиш эса анжуманнинг энг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Бугунги кунда бу электрон тизим 80 га яқин давлатда қўлланилмоқда. У Божхона жараёнларини тезлаштиради, транспорт харажатларини қисқартиради ва қоғоз китобчаларга бўлган эҳтиёжни йўқотади. Масалан, битта XYT китобчаси тахминан 5 доллар туради, аъзо давлатларда эса йиллик миллионлаб китобча ишлатилади.

Ўзбекистон бу тизимни амалга ошириш учун ЕИКом ва БМТ Автомобил транспорти халқаро иттифоқи билан ҳамкорликда учрашув ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Йиғилиш якунида «E-Tir»дан фойдаланиш бўйича Қўшма баёнот ҳамда Божхона лабораториялари ва хавфларни бошқариш соҳасида ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди.