Aнгрендаги ЙТҲ қурбонлари сони 13 нафарга етди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

7 сентябр куни 8 та автомобил иштирок этган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасида 7 киши воқеа жойида ҳалок бўлгани, 9 киши жароҳатлангани ва шундан 5 нафари тиббиёт муассасаларига ётқизилгани маълум қилинганди.

Yth

7 сентябр куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтувчи А-373 «Тошкент—Ўш» халқаро автомобил йўлининг 93-километрида содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси қурбонлари сони 13 нафарга етгани айтилмоқда.

Аввалроқ ИИВ маълумотида 8 та автомобил иштирок этган ҳалокатда 7 киши воқеа жойида ҳалок бўлгани, 9 киши жароҳатланиб, шундан 5 нафари шифохонага ётқизилгани ҳақида маълумот берилган эди.

Кейинроқ Daryo.uz Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 9 сентябрда имзоланган фармойиши асосида ҳалок бўлганлар сони 11 нафар экани ҳақида ёзди. Фармойишда айтилишича, ушбу ЙТҲ оқибатида 6 киши турли даражада тан жароҳатлари олиб шифохонага жойлаштирилган.

Kun.uz эса Ички ишлар органларидаги манбасига таяниб, ҳозирги вақтга келиб ҳалокат қурбонлари сони 13 нафарга етганини хабар қилди.

Ҳодиса 7 сентябр куни соат 12:20 ларда Қамчиқ довонидан Ангренга кириш йўлида содир бўлган. Цемент ташувчи «Shacman» русумли юк автомобилининг ҳайдовчиси назоратни йўқотиши оқибатида йўлда тўхтаб турган икки юк автомобили ва бешта енгил транспорт воситалари билан тўқнашган. Йирик авариядан сўнг ёнғин келиб чиққан ва бир нечта транспорт воситалари алангага чўмган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Одамлар ўлишига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳукумат томонидан келгусида шундай фожиаларнинг олдини олиш мақсадида йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берилди.