Исроил элчиси: «Доҳадаги ҳужум самарасиз якунланган бўлса, яна такрорлаймиз»

08:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Доҳадаги зарбалар мақсадига мувофиқ чиқмаганлиги тўғрисидаги саволга, «бу сафар бўлмаса келгуси марта», деб баёнот берди.

Doha attack israel

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йеҳиэл Лейтер мамлакатининг 9 сентябр куни Қатар пойтахти Дохага берган зарбалари самараси ҳақида аниқ жавоб бермади. Fox News телеканалига берган интервюсида у: «Агар бу гал мақсадга ета олмаган бўлсак, кейинги сафар албатта етамиз», — деб баёнот берди.

Лейтерга кўра, зарбалар Исроилнинг Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш ва тинчлик ўрнатишга хизмат қилиши мумкин. У ҲАМАС раҳбарларига «йўқ қилинишлари мумкин» деган огоҳлантириш берилаётганини айтди. Қатар ТИВ маълумотига кўра, зарбалар ҲАМАС сиёсий бюроси аъзолари яшайдиган уйларга берилган.

Al Arabiya манбаси сўзларига кўра, ҳужумда Ғазодаги ҲАМАС раҳбари Халил ал-Ҳайя ва сиёсий бюро бошлиғи Холид Машъал ҳалок бўлган. Бироқ сиёсий бюро аъзоси Суҳайл ал-Ҳиндий бу маълумотни рад этди. Унга кўра, ал-Ҳайянинг ўғли Ҳаммам ва унинг офис-менежери ҳалок бўлган.

Қатар ИИВ ходими ҳалок бўлгани ва бир неча киши жароҳатланганини расман тасдиқлади. Исроил «Олов саммити» деб номланган ушбу операцияни Қуддусдаги отишмадан кейин амалга оширганини маълум қилди. Ушбу ҳужумда 6 киши ҳалок бўлган. ҲАМАС масъулиятни ўз зиммасига олди.

Қатор мамлакатлар — Европа Иттифоқи, Канада, Буюк Британия, Қатар, ва жумладан, Ўзбекистон Исроилнинг ҳаракатларини қоралаб чиқишди.

Қатар Бош вазири Бин Абдураҳмон Ол Соний буни халқаро ҳуқуқ бузилиши ва «давлат терроризми» деб атади. Қатар ушбу воқеадан сўнг Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги воситачилик вазифаларини тўхтатди.