Мактабгача ва мактаб таълими вазирига ҳам янги ўринбосар тайинланди

12:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Турдиев Азизбек Анваржонович мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари этиб тайинланди. Шунингдек, Йўлдашев Бахтиёр Ғайратжонович Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори этиб тайинланди.

Xalq talimi

Турдиев Азизбек Анваржонович мактабгача ва мактаб таълими соҳасида катта тажрибага эга раҳбар сифатида янги лавозимга тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

У бу лавозимга тайинланишидан аввал вазир маслаҳатчиси сифатида ишлаган. Таълим соҳасидаги фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган Турдиев йиллар давомида давлат бошқарувида ҳам турли масъул вазифаларни бажариб келган.

2006-2010-йилларда Тошкент шаҳридаги 4-сонли мактаб-интернатида адабиёт фанидан сабоқ берган, 2010-2014-йилларда эса пойтахтдаги 231-умумтаълим мактабида ишлаган. Кейинчалик 165-мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида меҳнат қилган.

2017-2018-йилларда Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментида етакчи мутахассис бўлиб ишлаган. 2018-2019-йилларда Олий Мажлис Сенатида етакчи маслаҳатчи, 2019-2023-йилларда эса Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси котибияти бош маслаҳатчиси лавозимларини эгаллаган.

2023-йилдан «Ҳамдўстлик болалар» ҳамкорлик дастури ҳамда «Ёшларни тадбиркорлик ва саноатга йўналтириш» лойиҳаси раҳбари сифатида ҳам фаолият юритиб келмоқда.

Йўлдашев Бахтиёр Ғайратжонович эса Президент Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори этиб тайинланди. У бунга қадар «Янги Ўзбекистон» университети проректори эди.

Эслатиб ўтамиз, аввали мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.