Унга мувофиқ:
Нотариал тасдиқланган битимлар асосидаги талаблар;
Мажбуриятлар таъминланган кўчар мол-мулкка қаратиладиган талаблар;
Ижара тўловлари ва коммунал хизматлар бўйича қарздорликни ундириш масалалари нотариус томонидан расмийлаштирилади.
Ислоҳотнинг мақсади судлар юкини енгиллаштириш ва ҳуқуқий муносабатларни тезкор ҳал этишдан иборат. Ҳужжатда айтилишича, нотариуслар ижро хатларини тайёрлаганда қонунчиликда белгиланган тартиб ва талабларга қатъий амал қилиши шарт.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан нотариус лавозимида бўлишнинг юқори ёш чегараси ўзгаради. Эндиликда улар 70 ёшгача ишлаш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясида суҳбатдан муваффақиятли ўтиш ва шахсий розилик талаб этилади.
Нотариусини лавозимига тайинлаш ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини олиш тартиби тубдан ўзгаради. Амалдаги малака имтиҳони ўрнига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ягона танлов тизими жорий этилади.
Биринчи босқичда номзодлар давлат ва жамият бошқаруви, коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик ҳуқуқи, нотариат ҳамда ворислик ҳуқуқи бўйича тест синовларидан ўтади.
Иккинчи босқичда эса муваффақиятли натижа кўрсатганлар Олий малака комиссияси амалий имтиҳонида иштирок этади. Унда нотариал ҳаракат лойиҳаларини электрон платформада тайёрлаш ва муаммоли масалага жавоб бериш талаб этилади.
2026 йилдан бошлаб нотариал ҳужжатлар нотариус имзоси ва муҳри билан бирга QR код орқали ҳам тасдиқланиши белгиланди.
Аввалроқ нотариус хизматлари Face-ID орқали амалга оширилиши, аҳолидан паспорт аслини талаб қилиш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинаётгани ҳақида хабар берган эдик.