Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Лев Толстой номидаги иккинчи Халқаро тинчлик мукофоти лауреати бўлди. Мирзиёевдан ташқари Қирғизистон етакчиси Садир Жапаров, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ҳам иккинчи мазкур мукофот лауреатлари деб эълон қилинган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
«Л.Н.Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан 2025 йилги мукофот совриндорлари Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев деб эълон қилинди. Қарор бир овоздан қабул қилинган», — деган ҳакамлар ҳайъати раиси, Мариинский театрининг бадиий раҳбари ва бош директори Валерий Гергиев.
Мукофот ташкилий қўмитаси таъкидлашича, уч давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссалари учун мазкур фахрий мукофотга сазовор бўлишган. Қўмита, 31 март куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаб, умумий чегараларни ҳуқуқий расмийлаштиришни тўлиқ якунлаганини эслатиб ўтди. Бу билан уч мамлакат ўз умумий чегараларининг ҳуқуқий расмийлаштирилишини якунлаган ва шу орқали халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумий ва тенг хавфсизликни таъминлаш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга муҳим ҳисса қўшган.
Гаргиев раислигидаги халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибига Аргентина, Беларус, Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси, Россия, Франция, Жанубий Африка Республикаси ва Япониядан сиёсий ҳамда жамоат арбоблари киритилган.
Лев Толстой номидаги иккинчи Халқаро тинчлик мукофоти 2022 йил 22 июнда таъсис этилган. Мукофотнинг асосий мақсади – урушларнинг олдини олиш, барқарор ва кўп қутбли дунё қуриш, зўравонликсиз тинчликни тарғиб этиш ҳамда фаол тинчликпарварлик фаолиятини рағбатлантириш ҳисобланади.
Маълумот учун, 31 март куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон президентри Шавкат Мирзиёев Хўжанддаги учрашувда давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаганди. Чегаралар туташган жой Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, Сўғд (Тожикистон), Фарғона (Ўзбекистон) ва Боткен вилоятларини (Қирғизистон) боғлайди.