Ўзбекистонда иш ташлаш ҳуқуқи қонун билан кафолатланади

19:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда илк марта иш ташлаш ҳуқуқи қонун даражасида белгиланмоқда, бу ўзгариш халқаро стандартларга мувофиқ қабул қилинди.

Ish tashlashИллюстратив сурат СИ ёрдамида тайёрланган

9 сентябрда Қонунчилик палатаси депутатлари Сенат ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Ҳужжатнинг асосий мақсади миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилотининг 87 ва 98-сонли конвенциялари талабларига мувофиқлаштиришдан иборат. Шу орқали фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўлиқ халқаро стандартлар асосида таъминланиши кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси 9 та моддадан иборат бўлиб, у орқали 2 та қонун ва 4 та кодексга ўзгариш киритилмоқда. Хусусан, Меҳнат кодексида иш ташлаш тушунчаси ва уни ўтказиш тартиб-таомиллари, ходимларга берилган кафолатлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Шу билан бирга, иш ташлашнинг бошланиши, кечиктирилиши, вақтинча тўхтатилиши ва якунланиши тартиблари ҳамда унга оид чекловлар аниқ белгилаб қўйилди. Мутахассислар бу ўзгаришларни ижтимоий адолат, тенглик ва демократик бошқарув принципларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб баҳоламоқда.