Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ижроия директори Муродбек Отажонов маълум қилди. Пенсия ёши босқичма-босқич кўтарилиши мумкин: ҳар йили олти ойдан қўшиб борилади.
Бироқ Отажонов эҳтимолий енгилроқ вариант — ҳар олти ойга эмас уч ойга кўтариш режасини ҳам айтиб ўтди. Бу ҳолда пенсия ёши ҳар тўрт йилда тўлиқ бир йилга оширилиб, ислоҳот 12 йилга чўзилади.
Расмийга кўра, Ўзбекистонда пенсия ёши 32 йилдан бери ўзгартирилмаган. Жаҳонда эса кўпчилик давлатларда пенсияга чиқиш ёши 65 ёшдан юқори. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 75 ёшга етган. Бундан 20 йил олдин пенсионерлар пенсиядан кейин 8–9 йил яшаган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич эркакларда 12,5 йилга, аёлларда 20 йилгача ошган.
Пенсия жамғармаси янгиланган ислоҳот концепциясини аҳоли билан муҳокама қилиш учун махсус онлайн платформани ишга туширишни режалаштирмоқда. Бир ой давомида жамоатчилик таклифлари йиғилиб, кейинги муҳокамалардан сўнг лойиҳа журналистлар ва блогерлар иштирокида расман тақдим этилади.
Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистонга пенсия тизимини янгилаш бўйича тавсиялар берган. Жумладан, минимал пенсия ёшини ошириш ва тўловларни инфляция даражасига кўра индексация қилиш зарурлиги қайд этилган. Вазирлар Маҳкамаси 2024 йилда махсус ишчи гуруҳ тузиб, концепцияни Президентга тақдим этиш вазифасини юклатган эди.
Шу билан бирга, ҳозирча ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган. Пенсия жамғармаси таъкидлаганидек, барча таклифлар аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодий оқибатлардан келиб чиқиб ўрганилади.