Ўзбекистонлик ММА жангчиси Шаҳзод Gold Узоқов безориликда айбланиб, қўлга олинди

18:40 | 5 дақиқада ўқилади.

Таниқли ММА жангчиси Шаҳзод Gold Узоқов безориликда айбланиб, Тошкентда ҳибсга олингани маълум бўлди. Бу ҳақда унинг акаси Оятулло Узоқов маълум қилди.

Shahzod gold1

«Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда укам ҳақида турли гап-сўзлар тарқалмоқда. Шундай чиқишлардан бирида укамга бир неча модда бўйича иш очилгани ҳақида айтишибди. Йўқ, укамга Жиноят кодексининг фақат бир моддаси – 277 (безорилик – таҳр) билан иш очилган. Ўзи ҳозир «Тоштурма»да (Зангиота туманидаги тергов ҳибсхонаси – таҳр) сақланмоқда. Биздан ҳол-аҳвол сўраб турган барчага раҳмат», – деди спортчининг акаси.

Шаҳзод Узоқовнинг ўзи эса бир неча кун аввал ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилиб, Ўзбекистонга қайтаётгани ҳамда мамлакатга қайтса, уни қўлга олишлари мумкинлиги ҳақида гапириб берганди.

«2024 йил 5 ноябр куни Тошкентда пайтим бир жанжалли вазиятга тушиб қолдим. Менинг айбим ўша пайтда, ўша жойда бўлиб қолганим. Кўчада уруш бўлиб кетди, лекин мен ҳеч кимни урмаганман. Кейин ўша болалар ёзиб беришган. Бир муддат ўтиб мен профессионал фаолият учун Таиландга кетдим. Таиландга кетишим билан мени айбдор қилиб қўйишди. Буни Шаҳзод қилган, деган гап тарқатишган. Айбим — аввал судланганим. Вақт ўтди, яқинларимни соғиндим. Онамни Таиландга ҳам чақириб олдим. Лекин…

Ёшлигимдан мен барибир чемпион бўламан ва халқимга хизмат қиламан, деган орзум бўлган. Таиландга келдим, мана, шукр, яхши натижа, ютуқларга эришяпман. Октагонга чиқолмаётганимнинг сабаби эса шу жанжал сабабли эди», – деган спортчи.

Vaqt.uz мухбири ҳолат юзасидан тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Мадиевадан изоҳ сўради. Мадиева вазиятга ойдинлик киритиш ишлари кетаётгани ва бу ҳақда тез орада батафсил маълумот берилишини маълум қилди. Вазирликдаги бошқа бир манба эса Шаҳзод Узоқовнинг бунга қадар чиндан, безорилик содир этгани юзасидан қидрувда бўлгани ва 1 ҳафта аввал Тошкентга келиши билан қамоққа олинганини тасдиқлади.

Маълумот учун, Шаҳзод Узоқов 1999 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Ёшлигидан жанг саънатлари билан шуғилланиб келган спортчи 2020 йилда безорилик иши билан бир неча йилга озодликдан маҳрум этилган.

Кейинчалик у Таиландга кўчиб кетган ва аралаш жанг санъатлари (ММА) спорт тури тури билан профессионал тарзда шуғиллана бошлаган. Шаҳзод Узоқов айниқса ижтимоий тармоқларда кўп сонли мухлисларга эга спортчи ҳисобланади. Унинг яқин ойларда енгил вазн тоифасида қозоғистонлик аралаш яккакураш устаси Эркебулан Тўқтар билан эҳтимолий жанги айниқса кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаётганди.