Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мамлакатнинг Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ)ни эълон қилди. Таҳлилга кўра, 2025 йил август ойида мамлакатнинг ишбилармонлик даражаси 1029 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 2,9 фоизга ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 30,9 фоизга сезиларли даражада ортган.

Ҳудудлар кесимида қандай ўзгаришлар кузатилган?
2025 йил август ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси 9 та ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган. Жумладан, Сирдарё (72,3 фоиз), Навоий (45,5 фоиз), Андижон (38,3 фоиз) вилоятлари ва Тошкент ша=рида (36,7 фоиз) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.
Бироқ Ишбилармонлик фаоллиги индекси Хоразм (11,5 фоиз), Жиззах (11,0 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (7,5 фоиз), Сурхондарё (6,0 фоиз) ва Бухоро (5,5 фоиз) вилоятида камайган.

Индексни белгиловчи компонентлар қуйидагича ўзгарган:
Тўлов операциялари
2025 йил август ойида банклараро тўлов оператсиялари сони 6 045,1 минг тани ташкил этди ва 2025 йилнинг июл ойига нисбатан 456,7 минг транзакцияга (7 фоиз) камайган.
Банклараро тўлов операциялари сони 5 та худудда ортган.
2025 йил август ойида республиканинг 5 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ошган. Хусусан, Қашқадарё (8,4 фоиз), Самарқанд (5,3 фоиз), Бухоро (1,7 фоиз) ва Сирдарё (0,7 фоиз) вилоятида ўсиш кузатилган.
Товар-хомашё биржасидаги фаоллик
2025-йилнинг август ойида ИФИнинг биржа компоненти 1,1422 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 14,2 фоизга ортганини англатиб, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 41,1 фоизга ва тузилган битимлар сони 12,7 фоизга камайганлиги билан изоҳланади.
Республика товар-хомашё биржасида товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2025-йил август ойида 6 635,9 млрд сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 0,3 фоизга камайган.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолллиги
Фаолият юритаётган хўжалик субектлари бўйича компонент 2025 йил август ойида 1,0038 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,4 фоизга ортган.
2025 йил август ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субектлар сони ўтган ойга (488 584 бирлик) нисбатан 2 038 бирликка ортиб, 490 622 бирликни ташкил этган.
Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 23 тага ошган.
Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 392 415 тадан 395 603 тага ортган (ўсиш 3188 та). Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 92 198 тадан 91 025 тагача (-1173 та) камайган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субектлар сони 3 994 тани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 23 тага ортган.
Брендларни рўйхатга олиш
2025 йил август ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича индекс 0,8504 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 15 фоизга камайган. 2025 йилнинг август ойида юридик шахслар томонидан 398 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.
Меҳриноз Фармонова тайёрлади.