Қирғизистон билан Ўзбекистон чегарасида электрон навбат ишга туширилди

23:00 | 2 дақиқада ўқилади.

«Достук» назорат-ўтказиш пунктида электрон навбат йўлга қўйилди. Бу чегарани кесиб ўтиш вақти ва харажатларини камайтириш, маъмурий тўсиқларни олиб ташлашга ёрдам беради.

Kyg

Қирғизистонда рақамлаштириш ишлари давом этмоқда: Ўзбекистон билан чегарада жойлашган «Достук» назорат-ўтказиш пунктида электрон навбатни бошқариш тизими жорий этилди. Бу ҳақда 24.kg  хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу янгиликдан мақсад чегарани кесиб ўтиш вақти ва харажатларини камайтириш, маъмурий тўсиқларни олиб ташлашдир.

Бундай тизим аллақачон ўз самарадорлигини кўрсатган: 2024 йил ноябр ойидан бошлаб у «Қизил-Қия — автойўл» назорат-ўтказиш пунктида синовдан ўтказилган эди. Ўшанда юк транспортининг тўпланиб қолишини бутунлай бартараф этишга, чегарани кесиб ўтиш жараёнини олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган ҳолатга келтиришга ва ташувчилар орасида интизомни оширишга эришилди.

Иқтисодиёт вазири ўринбосари Искандар Асилқуловнинг айтишича, электрон навбат тизими тартиб-қоидаларни соддалаштиради, тадбиркорлик учун харажатларни камайтиради ва савдо жараёнларини янада шаффофлаштиради. Бу иқтисодиётни рақамлаштириш бўйича давлат стратегиясининг бир қисмидир.

Лойиҳа Европа Иттифоқи ва Халқаро савдо маркази кўмагида амалга оширилди.