Россия томони Туркияга 2019 йилда етказиб берилган, лекин фаол равишда ишлатилмаётган С-400 ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларини қайтариб олиш ва уларни бошқа давлатга сотиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Nefes» нашри маълум қилди. Ҳозирча ушбу маълумот расмий томонлар томонидан тасдиқланмаган бўлса-да, Туркиянинг сўнгги ҳарбий йўналиши бу эҳтимолни кучайтирмоқда.
Маълумки, Туркия 2017 йилда Россиядан 2,5 млрд доллар эвазига 2 та С-400 батареяси харид қилган эди. Биринчи етказиб бериш 2019 йилда амалга оширилди. Бироқ мазкур тизим НАТО ҳаво ҳимоясига интеграция қилинмагани, шунингдек, АҚШнинг CAATSA санкциялари оқибатида Туркия F-35 дастуридан чиқарилгани ортидан С-400 масаласи тортишувли бўлиб қолди.
Бугунги кунда Туркия «Темир гумбаз» деб номланган миллий ҳаво ҳимоя тизимини ривожлантирмоқда. Бу ҳолат Туркиянинг С-400га бўлган эҳтиёжини сезиларли камайтирди. Турк расмийлари фойдаланишга тушмаган бу тизимлардан воз кечиб, ўзининг ички имкониятларига таянишни мақсад қилмоқда.
Нашр ёзишича, Россия ҳозирда ўз заҳирасида сотишга тайёр С-400 тизимига эга эмас. Шу боис, Туркиядан қайтариб олинган тизимларни бошқа талабгор давлатларга таклиф этиш режаси кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, ушбу сценарийда Туркия ҳам маблағини қайтариб олиши мумкин.
Бу жараён Туркияга F-35сиз ҳам ўз мудофаа стратегиясини шакллантириш имконини бериши мумкин. Энди Kaan ва Eurofighter самолётлари миллий паркка қўшилиши кутилмоқда.