Россияда бензин танқислиги мураккаблашиб бормоқда. Украина дронларининг нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚИЗ) га қилган ҳужумларидан кейин нафақат Байкалорти, Приморе ўлкаси, Курил ороллари ва Қримда, балки сентябрдан бошлаб Россиянинг марказий ва Европа қисмларида ҳам ёқилғи етишмаслиги кузатилмоқда.
«Известия» нашрининг ёзишича, ҳозирда Рязан, Самара, Нижний Новгород, Саратов, Пенза, Уляновск, Астрахан ва Ростов областлари, шунингдек, Қалмиқистон ва Татаристонда бензин тақчиллиги қайд этилмоқда. Амур, Магадан, Сахалин, Хабаровск, Якутия, Яҳудий автоном области ва Чукотка каби узоқ ҳудудларда ҳам бензин билан таъминотда узилишлар бор.
Мустақил ёқилғи иттифоқи (НТС) маълумотига кўра, 92 ва 95 турдаги бензинни етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда. Бу айрим мустақил АЁҚШларнинг ёпилишига олиб келди. «Айрим заправкалар бензин ташувчи машина келмагунча ёпиқ, айримлари узоқ вақтдан бери ишламайди», — деди Россия ёқилғи иттифоқи аъзоси Екатерина Савкина.
Reuters маълумотига кўра, август ойидаги ҳужумлар натижасида Россия ўз нефтни қайта ишлаш қувватининг 17 фоизидан мосуво бўлган — бу кунига 1,1 млн баррел дегани. Бир қатор йирик НҚИЗЗлар ишини тўхтатди: Новокуйбишевск, Саратов, Сизранва Волгоград заводлари умумий ҳисобда 6,4 млн тонна қайта ишлаш қувватидан маҳрум бўлди. Сентябрда эса мамлакат нефт қайта ишлашининг 5 фоизини таъминлайдиган Рязан НҚИЗ қисман тўхтади.
Бундан ташқари, бензиннинг биржа нархи рекорд даражада ошди. SPbMTSB маълумотига кўра, Аи-92 бир тоннаси 71,8 минг рублга, Аи-95 эса 79 минг рублга етди. Бироқ таклиф чекланган, харидорлар сони мингдан ошган. Бу эса танқисликни янада кучайтирмоқда.
Муаммони бартараф этиш учун Россия ҳукумати НҚИЗларнинг таъмир дастурини қайта кўриб чиқиш, захира қувватларни ишга тушириш ва ёқилғини темир йўл орқали манзилли етказиб беришни қўлда бошқаришга кўрсатма берди. Шунингдек, бензин экспортига жорий қилинган тақиқ яна икки ойга узайтирилди.