Россияда мигрант болалар учун мактаб таълимига кириш мураккаб муаммога айланмоқда. 2025 йил апрелдан августгача мамлакатдаги мактабларга 23 минг 600 нафар хорижлик бола учун ҳужжатлар топширилган. Бироқ уларнинг 87 фоизи қабул жараёнида тўсиққа учраган. Бу ҳақда Рособрнадзор маълум қилди.
Қарийб 24 минг мигрнат болалардан фақат 8200 нафари тест синовига киритилган. Қолганларининг ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган ёки талабларга жавоб бермаган. Ачинарлиси, ҳатто тестга кирганларнинг ҳам ҳаммаси ҳам имтиҳондан ўта олмаган — уларнинг фақат 2900 нафари мактабда ўқишга изн берувчи «қониқарли» (уч) баҳони олган. Бу — умумий ҳужжат топширганлар сонининг 12,6 фоизини ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, Россияда 1 апрелдан бошлаб мигрант болалар учун рус тили бўйича мажбурий тест синови жорий этилган. Баҳолаш беш баллик тизим асосида амалга оширилади. Қонун расман таълим сифати ва тил муҳитига интеграцияни яхшилаш мақсадида жорий этилган.
Бироқ мутахассислар бу амалиётга шубҳа билан қарамоқда. Улар бу чора минглаб болаларни таълимдан четлатишини, жамиятда ижтимоий ажралиб чиқиш ва тенгсизликни кучайтиришини таъкидламоқда. Россия жамияти ҳам, ўқитувчилар ҳам рус тилини билмайдиган ёки чала биладиган мигрант болалари ўз фарзандлари билан бир синфда ўқишига қарши. Она тилиси рус тили бўлмаган бундай бола бутун синфнинг ўзлаштиришига салбий таъсир ўтказмоқда, деган фикрни илгари суришмоқда улар.
Май ойида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган эди — 1762 нафар бола рус тили тестида қатнашиб, улардан фақат 27 нафари мактабга қабул учун етарли балл тўплаган.
Аввалроқ Россия мактабларида мигрант болалар учун ўқиш пулли бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.