Темур Кападзе Oriat Dono радиосининг «Futbol+» подкастида унинг ўрнига хорижлик мураббий келиши ҳақидаги гапларга яна бир бор изоҳ берди.
«Албатта, янги мураббий келиши борасидаги гаплар турнир давомида ўз таъсирини кўрсатди. Иш билан чалғишга ҳаракат қиламан десам, кўрган одам «Ака, нима бўляпти?» деб сўрайверади. Ҳатто айрим футболчилар ҳам сўрашди.
Ҳаммасини расмий изоҳ орқали тартибга солса бўларди. Агар хорижлик мураббий жалб қилишмоқчи экан, кичик матбуот анжумани ташкиллаштириб «Жаҳон чемпионати тажрибасига эга мураббий қидиряпмиз. Темурга қилган ишлари учун раҳмат», деб айтиб қўйишса бўларди. Ҳамма менга саволлар бераверди. Шу томондан Ўзбекистон футбол ассоциацияси мени қийнаб қўйди. Эҳтимол, ўзлари ҳам ҳали якуний қарорга келишмагандир.
Агар топ даражадаги хорижлик мураббий келса, қаршилигим йўқ. Унинг ёнида юриб, кўп нарса ўрганишим мумкин», — деди Кападзе
Аввалроқ ЖЧ-2026 да Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлигига кимлар номзод эканлиги ҳақида ёзган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Темур Кападзе бошчилигида Ўзбекистон миллий жамоаси куни-кеча CAFA Nations Cup турнирида илк бор ғолибликни қўлга киритган эди.