Ўзбекистонда туну кун фаолият кўрсатадиган кўчалар ташкил этилиб, уларда автомобиллар тезлиги 20 km/h билан чекланиши мумкин. Бу тартиб «Республикада тунги иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Бундай кўчалар вилоят ва туман марказларида, аҳолиси 50 мингдан ортиқ шаҳарларда, шунингдек, туристлар ва аҳоли кўп тўпланадиган ҳудудларда ташкил этилади. Кўчаларнинг узунлиги ўртача 800 метрдан 2000 метргача бўлиши белгиланган.
Лойиҳага кўра, тадбиркорлик субъектлари учун жума, шанба ва якшанба кунлари соат 6:00 дан 6:00 гача ноодатий, ҳар куни эса 9:00 дан 3:00 гача кенгайтирилган иш вақти жорий этилади. Бундай ҳудудларда савдо ва хизмат кўрсатиш учун зарур инфратузилма шакллантирилади.
Туну кун ишлайдиган кўчаларда тадбиркорларга туташ ер майдонларини электрон аукцион орқали ижарага олиб, енгил конструкцияли қурилмалар ўрнатиш имконияти яратилади. Шунингдек, фавқулодда хизматлар учун махсус жойлар, хавфсизлик тугмалари, банк-молия хизматлари ва вай-фай тармоқлари йўлга қўйилади.
Ташриф буюрувчилар учун автотураргоҳлар, жумладан кўп қаватли паркинглар талаб қилинади. Маданий ва спорт объектлари — музейлар, кинотеатрлар, фитнес ва киберспорт клубларининг иш вақти узайтирилади. Шу билан бирга, тозалик ва жамоат хизмати йўлга қўйилиши белгиланган.
2025 йил охиригача эса миллий каршеринг платформаси йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Пилот лойиҳа пойтахтнинг сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган уч туманида — Мирабод, Юнусобод ва Яккасаройда амалга оширилади. Лойиҳанинг асосий мақсади — шаҳарда аҳоли ва меҳмонлар учун қулай транспорт хизматларини кенгайтириш ҳамда мобилликни оширишдир.
Платформани яратиш ва уни ишга тушириш вазифаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги зиммасига юклатилган. Шу орқали аҳолига қисқа муддатли автомобил ижараси имконияти тақдим этилади.
Шунингдек, пойтахт ҳокимлигига давлат-хусусий шериклик асосида автоматик велошеринг тизимини ишлаб чиқиш ва синов тарзида амалга ошириш топширилди. Бу ташаббус шаҳарда экологик соф ва қулай транспорт турларини ривожлантиришга қаратилган.
Янги лойиҳалар йўлга қўйилса, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун транспорт инфратузилмаси янада диверсификация қилиниб, иқтисодий ва туризм соҳасида ижобий натижаларга эришиш кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ туну-кун ишловчи кўчаларда реклама ва ёритишга электр нархлари икки бараварга камайтирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.