Уч йилга кечикадиган пенсия, пойтахтдан вилоятга «қувилаётган» институт ва 200-300 млн сўмдан ойлик-устама олган раҳбарлар — 10 сентябр дайжести

22:00 | 9 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 10

Фармацавтика институти пойтахтдан вилоятга «қувилмоқда»: унинг ўрнига меҳмонхона қурилиши мумкин

Тошкент шаҳри марказидаги Фармацевтика институти Тошкент вилояти Зангиота туманига кўчириб юборилиб, институт бино ўрнига беш юлдузли меҳмонхона қуриш таклифи илгари сурилди. Фармацевтика институтининг «Ойбек» метро бекати яқинидаги асосий биноси бўшатилганидан сўнг, у бузиб ташланиб, унинг жойига 1000 ўринли автотураргоҳ ва беш юлдузли меҳмонхона қурилиб давлат тасарруфига ўтказилади.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги маълум қилишича, бу Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган лойиҳада ўз аксини топган. Лойиҳага кўра, Тошкент фармацевтика институтини Зангиота туманидаги «Tashkent Pharma Park» ҳудудига кўчирилади. Таклиф президент қарори лойиҳасига киритилган.

 

Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда пенсия ёши босқичма-босқич оширилиши режалашитирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 10 сентябр куни Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Отажонов маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистонда пенсия ислоҳоти лойиҳасида пенсиянинг энг кам ёши эркаклар учун 60 ёшдан 63 ёшгача, аёллар учун 55 ёшдан 58 ёшгача оширилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу жараён босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Хусусан, пенсия ёши ҳар йили ярим йилга оширилиши мумкин.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги ўсиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда бу кўрсаткич 75 ёшга етган. Агар 20 йил олдин пенсионерлар пенсияга чиққандан сўнг ўртача 8-9 йил умр кўрган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич эркакларда 12,5 йил, аёлларда эса 20 йилни ташкил этмоқда. Пенсия жамғармаси ижрочи директорига кўра, пенсия ёшини оширишда ҳар йили ярим йилга эмас, балки уч ойга ошириш кўриб чиқишилиши мумкин. Шу тариқа, пенсия ёши ҳар тўрт йилда бир йилга оширилади ва бутун ислоҳот 12 йил давом этади.

 

Aнгрендаги ЙТҲ қурбонлари сони 13 нафарга етди

7 сентябр куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтувчи А-373 «Тошкент—Ўш» халқаро автомобил йўлининг 93-километрида содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси қурбонлари сони 13 нафарга етгани айтилмоқда. Аввалроқ ИИВ маълумотида 8 та автомобил иштирок этган ҳалокатда 7 киши воқеа жойида ҳалок бўлгани, 9 киши жароҳатланиб, шундан 5 нафари шифохонага ётқизилгани ҳақида маълумот берилган эди.

Кейинроқ Daryo.uz Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 9 сентябрда имзоланган фармойиши асосида ҳалок бўлганлар сони 11 нафар экани ҳақида ёзди. Фармойишда айтилишича, ушбу ЙТҲ оқибатида 6 киши турли даражада тан жароҳатлари олиб шифохонага жойлаштирилган. Kun.uz эса Ички ишлар органларидаги манбасига таяниб, ҳозирги вақтга келиб ҳалокат қурбонлари сони 13 нафарга етганини хабар қилди.

 

Туну-кун фаолият кўрсатувчи кўчаларда автомобиллар тезлиги 20 км/соатгача чекланиши мумкин

Ўзбекистонда туну-кун фаолият кўрсатадиган кўчалар ташкил қилиниб, уларда автомобиллар тезлиги 20 км/соатдан ошмаслиги мумкин. Президент қарори лойиҳасига кўра, бундай кўчалар аҳоли ва туристлар кўп тўпланадиган ҳудудларда жойлашиб, тадбиркорлар учун узайтирилган иш вақти, савдо ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси яратилади.

Шунингдек, 2025 йил охиригача миллий каршеринг платформаси ишга туширилиб, пойтахтда қисқа муддатли автомобил ижараси хизматлари йўлга қўйилади. Пилот лойиҳа Мирабод, Юнусобод ва Яккасарой туманларида амалга оширилиши белгиланган. Шу билан бирга, велошеринг тизими ҳам синов тарзида йўлга қўйилиб, транспорт инфратузилмаси диверсификация қилиниши кутилмоқда.

Ҳар ой 200-300 млн сўмдан ойлик-устама олиб келган раҳбарлар фош бўлди

Стандартлаш институти раҳбарияти ва айрим ходимларига 2024–2025 йилларда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан йирик устама ҳақлар тўлангани аниқланди. Хисоботларга кўра, 10 нафар раҳбар ходимга жами 3,1 миллиард сўмдан ортиқ мукофот пули берилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, институт директори вазифасини бажариб келган (собиқ) Д.Қодиров 2024 йил ноябрдан 2025 йил мартигача бўлган 5 ой давомида жами 468,6 млн сўм даромад олган. Шундан 433,8 млн сўм бюджетдан ташқари маблағлардан мукофот сифатида тўлаб берилган. Институтнинг бошқа ходимларига ҳам йирик миқдорда устама ҳақлар берилган:

Г.Ғазиева (собиқ директор) – 403,2 млн сўм;
А.Самижонов (директор ўринбосари)– 482,9 млн сўм;
Л.Давиров (директор ўринбосари) – 412,8 млн сўм;
Ж.Умурзоқулов (бўлим бошлиғи)– 293,3 млн сўм;
Ф.Ашуров (бўлим бошлиғи)– 412,8 млн сўм;
Ж.Ахматов (бўлим бошлиғи) – 471,1 млн сўм;
М.Мирзоидов (бўлим бошлиғи) – 477,2 млн сўм;
Н.Худайходжаева (бухалтер) – 227,8 млн сўм;
Н.Хусанбаев (директор ёрдамчиси) – 199,2 млн сўм.

Умумий ҳисобда, институт ходимларига бюджетдан ташқари маблағлардан жами 3,7 млрд сўмдан ортиқ қўшимча устама ҳақлар тўлангани қайд этилган.