Евроиттифоқ россияликлар учун виза чекловларини кучайтирмоқчи

09:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Еврокомиссия россияликлар учун Шенген визаларига янги чекловлар тайёрлаяпти. Улар санкцияларнинг 19-пакети доирасида муҳокама қилинмоқда, дейилади манбаларда.

Shengen russia

Европа комиссияси Россия фуқароларига туристик виза бериш жараёнини янада чеклашни кўзда тутувчи ташаббус устида ишлаяпти. ANSA агентлиги хабарига кўра, бу чоралар Украинадаги уруш туфайли жорий қилинаётган санкцияларнинг 19-пакети доирасида муҳокама қилинмоқда. Манбалар айтишича, бу қарорга ёзда россияликлар томонидан Шенген ҳудудига ташрифлар сони кескин ошгани туртки бўлган.

2024 йилда Россия фуқаролари томонидан 606,6 мингта виза аризаси берилган ва шундан 541,8 мингтаси тасдиқланган. Улардан 224 мингтаси кўп марталик визалар бўлган. Энг кўп виза берган мамлакатлар — Италия (152 минг), Франция (124 минг), Испания (111 минг), Греция (60 минг) ва Венгрия (23 минг). Бошқа мамлакатлар эса виза беришни қисқартирган ёки умуман тўхтатган.

Шенген визалари билан бирга, Евроиттифоқ Россия дипломатлари ҳаракатларини ҳам чеклашни режалаштирмоқда. Бу ташаббусни илк бор Чехия илгари сурган ва кейинчалик Дания, Эстония, Латвия, Литва, Нидерландия, Полша ва Руминия ҳам қўшилган. Улар Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат раҳбарига ёзма мурожаат йўллаган.

Полша Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Европа Иттифоқида дипломатик мақоми бор россияликларнинг тахминан 20 фоизи аслида разведка ходимлари ҳисобланади. Бу тахминан 400 нафар агент Шенген ҳудудида эркин ҳаракатланиши мумкинлигини англатади. Шу боис Варшавада дипломатлар ҳаракатини олдиндан хабар бериш асосида чеклаш амалиёти жорий қилинган.

Евроиттифоқ 2022 йил 12 сентябрда Россия билан соддалаштирилган виза келишувини тўхтатган, йиғим миқдорини оширган ва кўриб чиқиш муддатларини узайтирган эди. Қатор давлатлар — Латвия, Литва, Эстония, Финландия, Полша, Чехия ва бошқалар россияликлар учун киришни тўлиқ ёпган. Белгия, Нидерландия, Исландия ва Дания эса виза бермай қўйган.