АҚШ Конгрессининг Қуйи палатаси 2026 молия йили учун умумий 892,6 млрд доллар миқдоридаги ҳарбий харажатлар тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Мазкур молия йили 2025 йилнинг 1 октябрида бошланади. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берди.
Ҳужжатга кўра, ажратиладиган маблағлар орасида Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 400 млн доллар ҳам назарда тутилган. Шунингдек, қонун лойиҳасида Пентагондан Конгрессга ҳар қандай ёрдамни бекор қилиш режаси ҳақида олдиндан маълумот бериш мажбурияти ҳам киритилган. Бу талаб ёзда АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага ҳарбий ёрдамни Конгрессни хабардор қилмасдан тўхтатганидан сўнг илгари сурилган.
Қонун лойиҳаси бўйича овоз беришда 231 нафар қонунчи уни қўллаб-қувватлади, 196 нафари эса қарши чиқди. Республикачилар орасида тўрт киши ушбу ҳужжатга қарши овоз берди. Демократлар орасида эса 17 киши қонун лойиҳасини ёқлади. Қонуннинг кучга кириши учун Сенат ҳам ўз версиясини қабул қилиши ва кейин ҳар икки палата биргаликда якуний шаклни келишиб олиши лозим.
Конгрессдаги муҳокамалар АҚШ ташқи сиёсати ва халқаро мажбуриятларига нисбатан қарашлардаги фарқни яна бир бор намоён қилди. Сенат томонидан ҳам ҳужжат маъқулланса, 2026 йилда Америка тарихидаги энг катта ҳарбий бюджетлардан бири амалга оширилади.