АҚШ самолёти Россия чегараси яқинига бомба ташлади

23:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Синов жараёнида икки турдаги бомбадан фойдаланилган: 500 фунтлик GBU-38 ва 2000 фунтлик GBU-31.

Russian

Американинг B-2 стратегик бомбардимончи самолёти Норвегия шимолида, Россия Арктика чегарасидан атиги бир неча юз километр узоқликда кемага қарши қуролларни синовдан ўтказди. Бу ҳақда Newsweek ёзмоқда.

Маълумотларга кўра, 3 сентябр куни самолёт Норвегия денгизида, Аннёйя ороли яқинида юқори аниқликдаги бомбаларни ташлаган. Ушбу машғулотлар АҚШ ҳарбий-денгиз гуруҳи ва унинг НАТО бўйича иттифоқчиларининг Баренс денгизидаги операцияси билан параллел равишда ўтказилган, нашр маълумотларига кўра, у ерда Россия ҳарбийлари алянс кемаларининг ҳаракатланишини диққат билан кузатган.

АҚШ Ҳаво кучлари маълумотига кўра, B-2 бомбардимончиси QUICKSINK деб номланган такомиллаштирилган бошқарилувчи ўқ-дорилардан фойдаланган. У денгиздаги сузувчи объектларни йўқ қилиш учун ишлаб чиқилган.

Синовлар жараёнида икки хил қурол қўлланилган: 500 фунтлик GBU-38 бомбаси ва 2000 фунтлик GBU-31 бомбаси. Янги тизим ўз-ўзидан йўл топувчи бош қисми билан жиҳозланган бўлиб, у орқали ҳам стационар, ҳам ҳаракатланаётган денгиз мақсадларини самарали йўқ қилиш мумкин.

Ҳаво кучлари тадқиқот лабораторияси вакиллари таъкидлашича, QUICKSINK ҳаводан кемаларни йўқ қилишнинг арзон имкониятини тақдим этади. Унинг таъсири торпедалар қўлланишига тенг, аммо кўпроқ тезлик ва кенг майдонда қўллаш имкониятини беради.

Нашр маълумотига кўра, Норвегия ҳарбийлари операцияга тўртта F-35 ҳарбий самолёти ва P-8 патрул самолётини жалб этган. Нашр этилган суратлардан бирида, сувости кемасидан олинган тасвирда, ўқ-дорининг сузувчи кемага урилгани акс этган. The War Zone маълумотларига кўра, GBU-31 туридаги бомба қўлланган.

Newsweek таъкидлашича, бу машқлар АҚШнинг Россия ва Хитой томонидан келаётган денгиз таҳдидларига қарши курашишни кучайтириш ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади. Нашр, шунингдек, АҚШнинг янги кемаларга қарши ракеталар ва QUICKSINK каби такомиллаштирилган ўқ-дориларни яратиш дастурлари фаол ривожланаётганини алоҳида қайд этган.

Норвегияда ўтказилган синовлар B-2 бомбардимончиси бортидаги мазкур турдаги қурол учун учинчи марта амалга оширилди: аввалроқ 2000 фунтлик бомба 2024 йил июлида Гавайидаги денгиз машқларида, 500 фунтлик бомба эса Флоридада қўлланган эди.

АҚШ Ҳаво кучлари таъкидлашича, бу миссия нафақат ўқ-дориларнинг юқори самарадорлигини тасдиқлади, балки бомбардимончининг асосий устунликларини — яширин ҳаракатланишини, узоқ масофага парвоз қилиш имкониятини ва турли қуролларни қўллашдаги универсаллигини ҳам намойиш этди.