АҚШнинг юраги Ню Йорк шаҳридаги Жаҳон савдо марказининг «Эгизак миноралар» деб номланувчи 110 қаватли бинолари «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи томонидан қулатилганига бугун 24 йил тўлди.
Ўшанда бир гуруҳ шахслар йирик мегаполислар – Бостон, Ню Йорк ва Вашингтондан ҳавога кўтарилган 4 та йўловчи самолёт бошқарувини қўлга олган ва оқибатда самолётлар Ню Йорк шаҳрида жойлашган эгизак биноларга ва Виржиния штатида жойлашган мамлакат Мудофаа вазирлигининг бош қароргоҳи — Пентагонга бориб урилган. Оқибатда уч мингга яқин одам вафот этган.
Ушбу ҳуружни амалга ошириш режаси беш йил давомида «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳининг Афғонистонда жойлашган базасида ишлаб чиқилган, деб ёзади BBC. Ғоя муаллифи покистонлик Холид Шайх Муҳаммад бўлган. У сафдошларига самолётни бошқариш кўникмаларини ўргатиш фикрини ўйлаб топган. Бундан мақсад улар самолётни қўлга киритиб, уни бошқариладиган ракета сифатида ишлатишлари эди. Ўз ўрнида, ушбу ғояни «Ал-Қоида» етакчиси Усома бин Ладен қўллаб-қувватлаган.
2001 йил 11 сентябр воқеаларининг асосий воқеларини дақиқама-дақиқа эслаб ўтамиз:
07:58: United Airlines авиакомпаниясининг Бостондан Лос Анжелесга йўл олган Boeing-767 самолёти йўловчилар орасида бўлган бир гуруҳ шахслар томонидан гаровга олинди. Самолёт бортида 56 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган. Лос-Анжелесга учаётган самолёт йўналишни Ню Йоркка ўзгартирди.
07:59: American Airlines авиакомпаниясига қарашли, Бостондан Лос-Анжелесга йўл олган Boeing-767 самолёти йўловчилар орасида бўлган террорчилар томонидан гаровга олинди. Самолёт бортида 81 йўловчи ҳамда тўққиз нафар экипаж аъзоси бор эди. Бу самолёт ҳам ўз йўналишини мажбурий ўзгартириб Ню Йоркка қараб йўл олди.
08:01: Boeing-767 самолёти 38 нафар йўловчи ҳамда тўққиз нафар экипаж аъзоси билан Ню Жерсидан Сан Францискога йўл олган.
08:10: Вашингтон халқаро аэропортидан 77-рақам билан Лос Анжелес томон учаётган, бортида 58 йўловчи ва олти нафар экипаж аъзоси бўлган Boeing-767 гаровга олинди.
08:46: Бостон – Лос Анжелес йўналишида учиши лозим бўлган, аммо мажбурий тарзда Ню Йорк томон йўл олган Boeing-767 самолёти Ню Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак биносидан бири, шимол тарафдаги осмонўпар бинога урилди.
09:03: Бостон – Лос-Анжелес йўналишида учиши лозим бўлган, аммо террорчилар томонидан Ню Йорк томон йўналтирилган Boeing-767 самолёти Жаҳон савдо маркази эгизак биносининг жануб томондаги иккинчисига келиб урилди. АҚШ Федерал авиация маъмурияти Ню Йорк аэропорти фаолиятини тўхтатди.
09:45: Вашингтондан Лос Анжелес томон учаётган Boeing-767 самолёти АҚШ Мудофаа вазирлиги биноси — Пентагонга келиб урилди.
10:05: Жаҳон савдо маркази эгизак биносининг жанубийси қулаб тушди.
10:05: Вашингтонда Оқ Уй ва бошқа ҳукумат биноларида фаолият юритувчи барча ходимлар эвакуация қилинди
10:10: АҚШ Мудофа вазирлиги маъмурияти — Пентагонга самолёт урилиши оқибатида ҳимоя қўрғонининг бир қисми қулади.
10:10: Ню-Жерсидан Сан-Францискога парвоз қилаётган ва йўлда гаровга олинган самолёт йўловчиларнинг террорчиларга қаттиқ қаршилигидан сўнг Питсбург шаҳри яқинида ҳалокатга учради.
10:28: Жаҳон савдо марказининг эгизак биноларидан иккинчиси, шимолий тарафдаги осмонўпар бино ҳам қулаб тушди.
Ушбу ҳуружни Афғонистонда фаолият олиб бораётган «Ал-Қоида» ҳаракати етакчиси Усома бин Ладен ўз бўйнига олган ва видеомурожаатида 19 нафар шахснинг номини тилга олиб ўтган. АҚШ ҳукумати эса «Толибон»дан Усома бин Ладенни АҚШга топширишини сўраган. Улар рози бўлмаган.
«Ал-Қоида» етакчиси Усома бин Ладен баёноти
«…Америка шимолдан жанубгача, шарқдан ғарбгача ваҳима ичида қолди. Аллоҳга шукрки, Америка биз бошдан кечирган азобларни энди ўзи бошдан кечирмоқда.
Миллатимиз 80 йил давомида қўрқув ва адолатсизлик азобини тортди. Бироқ бир тўда мусулмонларни Американи ҳалок этишга муваффақ қилди. Улар бу амаллари учун жаннатда абадий қолажак…. Биз курашмоқдамиз. Биз Фаластин ва бошқа мусулмон мамлакатларида азоб чеккан ва ҳозир ҳам азият тортаётган инсонлар учун ҳам курашяпмиз.
Ироқда бегуноҳ одамлар қатл этилмоқда. Ҳар куни Рамаллаҳ, Рафаҳ, Байт Жаллада Исроил танкларини кўрамиз, аммо ҳеч ким бу ҳақда лом-мим демайди, бу одамларни қўллаб-қувватловчи бирор сўз эшитмаймиз. Бирорта ҳукумат ҳам бу ҳақда гапирмайди. Бироқ, Америкага фалокат келганда, бутун дунё бақириб юборди.
Японияда [Ҳирошимага атом бомбаси ташлангани назарда тутилмоқда] юз минглаб одамлар ҳалок бўлган, аммо АҚШ буни жиноят деб ҳисобламаган. Ироқда болалар нобуд бўлмоқда, лекин улар буни ҳам теракт деб атамаяптилар.
Америкага келсак, мен Америка халқига бир неча сўз айтмоқчиман: Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, Фаластин ерида тинчлик ўрнатилмагунча, америкаликлар ҳеч қачон ўзларини хавфсизликда ҳис қилмайдилар».
Американинг «қасоси»
АҚШнинг ўша пайтдаги президенти кичик Жорж Буш 11 сентябр хуружларидан кейинги нутқида терроризмга қарши глобал уруш эълон қилганини айтиб, бу урушни Салиб юришларига ўхшатди.
Кичик Жорж Буш «Террорга қарши уруш» номи остида бутун дунёга ўз доктринасини ўтказишга уринди. АҚШ ва «террорчи» сифатида кўрсатилган мусулмонлар ўртасида жаҳон миқёсида уруш бошланди.
АҚШ 2001 йилда Афғонистонни, 2003 йилда Ироқни ишғол қилди. 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ Ҳукумати бин Ладен ҳақида берилган аниқ маълумотга икки миллион доллар мукофот жорий этди. Лекин, 10 йил давомида «Ал-Қоида» етакчисини қўлга олиш ва йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлар бекор кетди.
2011 йил 2 май куни Покистон Ислом Республикасининг Абботтобод шаҳрида ўтказилган ҳарбий операция натижасида Усома бин Ладен ўлдирилди.
Айрим сиёсатчиларнинг фикрича, 11 сентябр воқеалари сабаб дунёдаги сиёсий вазиятлар тубдан ўзгариб кетди. Аввало АҚШ дунёдан террорчиликни йўқотиш даъвоси билан чиқди. Орадан кўп ўтмай Америка НАТОдаги иттифоқчилари билан Афғонистонга қўшин киритди.
2003 йилда Ироқ ҳукумати томонидан кимёвий ва биологик қуроллар ишлаб чиқилгани иддао қилиниб, Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн ҳокимиятини ағдариш мақсадида уруш эълон қилинди ва Саддам Ҳусайн ҳокимяти ағдарилди. Кейинроқ унинг ўзи қатл қилинди.
Такер Карлсон: «Исроил 2001 йил 11 сентябр ҳужумларини олдиндан билган»
Америкалик журналист Такер Карлсон Пирс Морганнинг «Uncensored News» кўрсатувида айтишича, Исроил разведкаси 11 сентябр ҳужумларидан олдиндан хабардор бўлган. Унга кўра, Исроил раҳбарияти ҳужумга бўлган муносабатини ҳеч қачон яширмаган ва бу АҚШ-Исроил муносабатларига ижобий таъсир кўрсатганига ишонган.
«Албатта, мен буни яҳудийлар қилди, демадим. Бундай гапнинг маъносини ўзим ҳам тушунмайман. Аслида, бундай гапларни айтиш ҳақиқий саволларни обрўсизлантириш усули, деб ўйлайман», — деган Карлсон суҳбат давомида.
Унинг айтишича, Бинямин Нетаняҳу камера олдида, ҳужумлардан сўнг дарҳол шундай деган: «Бу яхши ҳолат, чунки у АҚШни биз ўн йиллар давомида ҳаёт-мамот масаласи сифатида иштирок этиб келган можарога жалб қилади».
Журналистнинг сўзларига кўра, ҳужумдан олдин АҚШда ўзини талаба сифатида кўрсатишга уринган, бироқ махфий хизматларга алоқадор бўлган бир гуруҳ исроилликлар бўлган. Улар Америка ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган, бироқ кейинроқ айбловсиз қўйиб юборилган.
«Биз биламизки, уларнинг бир қисми, мен буни интернетдан эмас, ФТБ ҳужжатидан келтирмоқдаман, 11 сентябр ҳужумларини видеога олган ва… улар бу ҳужумлар ҳақида олдиндан хабардор бўлганга ўхшайди», — деди Карлсон.
Унинг айтишича, исроиллик талабаларнинг дастлабки кузатувлари 2000 йилнинг охирларига тўғри келади. Ўшанда улар АҚШ федерал ҳуқуқ-тартибот ва ҳарбий идоралари биноларида пайдо бўлиб, санъат асарларини сотишга уринган ва ходимлар билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қила бошлаган. Бу «талабалар» бир неча бор белгиланмаган жойларда ва яширин кириш эшиклари олдида кўринган, ҳатто баъзи ходимларнинг уйларига ҳам борган.
Ўша даврдаги оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, 2001 йил бошидан 11 сентябр воқеаларигача шундай фаолият билан шуғулланган камида 140 нафар Исроил фуқароси қамоққа олинган, яна 60 нафари эса ҳужумлардан сўнг қисқа вақт ичида ҳибсга олинган. Бундан ташқари, «талабалар»нинг айрим гуруҳлари 11 сентябр ҳужумларини амалга оширганларнинг яшаш жойларига яқин ҳудудлардаги кўчмас мулкларни ижарага олгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Такер Карлсон терактлар ҳақида ҳужжатли фильм тайёрлаётганини маълум қилди ва унда бу воқеа тўғрисидаги бутун ҳақиқатни очиб беришга сўз берди. Филмнинг трейлерида шундай дейилган: «11 сентябр воқеалари ҳақидаги барча расмий маълумотлар бутунлай ёлғон… Америкаликлар аслида нима содир бўлганини билиш вақти келди».