Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилинишича, ижтимоий соҳаларга 86,2 трлн сўм ажратилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,1 трлн сўмга кўпдир. Натижада ижтимоий йўналишлар жами харажатларнинг 49,8 фоизини ташкил этди.
Ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмга етди ва ўтган йилга нисбатан 19,2 фоизга ошди. Қайд этилишича, деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган.
Шу билан бирга, давлат харажатлари 173,3 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоиз ўсиш қайд этилди. Бу кўрсаткич ижтимоий ва иқтисодий дастурларни молиялаштиришга йўналтирилган маблағлар кўпайганидан далолат беради.
Депутатлар таъкидлаганидек, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ҳамда фуқаролар учун муносиб шароит яратиш давлат молиявий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.