Испания ҳукумати жамоат жойларида очиқ ҳавода чекишни тақиқловчи янги қонун лойиҳасини тақдим этди. Reuters агентлиги хабарига кўра, тақиқ пляжлар, бар ва ресторанлар террасалари, автобус бекатлари ҳамда стадионларга тааллуқли бўлади. У нафақат анъанавий сигареталар, балки вейплар ва электрон сигареталарни ҳам қамраб олади.
Янги қонун лойиҳаси жорий йил июл ойида Францияда қабул қилинган ўхшаш чекловларга ўхшайди. Бироқ Испания лойиҳасининг фарқи шундаки, у Францияда рухсат этилган бар террасаларини ҳам қамраб олади. Шу боис, Испания меҳмонхона ва умумий овқатланиш саноати вакиллари бу ташаббусга кескин эътироз билдиришди. Уларга кўра, «очиқ террасалар кашандалар учун энг талабгир жойлардан ҳисобланади».
Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда ҳар йили чекишга боғлиқ сабаблар туфайли 50 мингдан ортиқ киши вафот этади. Бу кунига ўртача 137 ўлим ҳолати деганидир. Ҳукумат шу йўл билан соғлиққа хавфли одатлар ва пассив чекишнинг олдини олишни мақсад қилган.
Вейплар бўйича чекловлар фақат Испания билан чекланиб қолмаяпти. Россия Давлат Думаси ҳам кузги сессияда вейпларни бутунлай тақиқлашни муҳокама қилмоқчи. 22 август куни Нижний Новгород вилояти губернатори Глеб Никитин Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда вейпларни бутунлай тақиқлаш ҳуқуқини минтақаларга бериш таклифини илгари сурди. Путин ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган эди.
Бу каби ташаббуслар бутун Европада сигарета ва электрон чекиш қурилмаларига қарши сиёсат кучаяётганини кўрсатмоқда. Туризм ва сервис соҳалари учун эса бу янги қонун ўзгаришларини талаб қилиши турган гап.