Маҳаллаларда ёшлар билан ишлашда янги тизим жорий этилади

12:24 | 3 дақиқада ўқилади.

Ёшлар муаммоларини манзилли ҳал этиш ва уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга қаратилган фармон қабул қилинди.

Mahalla

10 сентябрда Президентнинг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–163-сонли фармони имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди. Ҳужжатга кўра, маҳаллаларда ёшлар билан ишлашда индивидуал ёндашув, уларнинг қизиқишлари ва иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилган янги механизмлар йўлга қўйилади.

Фармон асосида ёшлар етакчилари фаолиятига аниқ вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, ёшларнинг ўзига ишончини ошириш, маҳалла миқёсида ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларни амалга ошириш, «Беш ташаббус олимпиадаси»ни кенг тарғиб қилиш ва ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш вазифалари юклатилди. Шунингдек, «Ёшлар дафтари» орқали бериладиган ёрдам ижтимоий ҳамкорлик асосида ташкил этилади.

Фармонда ёшлар етакчиларига бевосита вазифасига алоқаси йўқ топшириқларни юклаш тақиқланди. Бу уларнинг иш самарадорлигини ошириш ва эътиборни ёшлар масалаларига қаратган ҳолда фаолият юритишини таъминлайди.

Шунингдек, ҳужжатда «Маҳалла еттилиги» ва таълим муассасалари ўртасида ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилиши белгиланди. Мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳар ой синф раҳбарлари ва психологлар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг қизиқиш ва муаммоларини аниқлайди. Бу маълумотлар маҳалла раиси ва ёшлар етакчисига етказилади.

Кейинчалик ёшлар етакчилари маҳалладаги мураббийлар ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда устозлик тизимини йўлга қўяди. Маҳалла раислари эса ёшлар учун спорт, китобхонлик ва ахборот технологияларини ўрганишга қулай имкониятлар яратиш бўйича ташаббусларни амалга ошириши назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ криминоген маҳаллаларда сунъий интеллектга уланган камералар ўрнатилиши ҳақида маълумот берган эдик.