Ўзбекистон Марказий банки бугунги йиғилишида инфляция хавфларини инобатга олган ҳолда асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилди.
Август ойида расмий инфляция 8,8 фоизга пасайган. Базавий инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 0,7 фоиз бандга пасайиб, август ойида йиллик 7,6 фоизни ташкил этди.
Тарифлар оширилишининг таъсирлари
Хизматлар йиллик инфляцияси йил бошига нисбатан 1,5 фоиз бандга пасайиб, 10,2 фоизни ташкил этди. Ушбу пасайиш асосан ўтган йилда энергия нархларининг оширилишига боғлиқ бўлиб, унинг таъсирлари аста-секин чиқиб кетиши билан изоҳланади.
Тарифлар оширилишининг иккиламчи таъсирлари хизматлар ва маҳсулотлар нархларини кутилгандан кўра юқорироқ шакллантирмоқда. Автомобиль учун метан нархи ошиши унга муқобил бўлган ёнилғи нархларига ўз таъсирини кўрсатиш эҳтимоллари мавжуд. Аввалроқ, бензин нархлари ошгани ҳақида хабар берган эдик.
Кундалик истеъмол товарлари инфляцияси пасайди, аммо нархлар юқори
Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўсиши сустлашиши натижасида базавий инфляция 7,6 фоизгача тушган. Озиқ-овқат ва хизматлар базавий инфляция кўрсаткичлари юқори шаклланиши иқтисодиётда истеъмол талаби фаол шаклланаётганини ифодаламоқда. Бу, хусусан, гўшт маҳсулотлари, ўсимлик ёғлари, транспорт хизматлари, умумий овқатланиш ва алоқа хизматлари нархларида намоён бўлмоқда.
Истеъмол бозори товар ва хизматлари, яъни аҳоли кундалик ҳаётида истеъмол қиладиган 30 та муҳим ижтимоий товарлар инфляцияси йил бошига нисбатан пасайган бўлса-да, нархлар сезиларли даражада баланд қолмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолининг инфляцион кутилмаларига оширувчи таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, айрим озиқ-овқат товарлари жаҳон нархларининг ошиши бўйича кутилмалар маълум бир муддат ичида ички нархларга таъсир этиши мумкин.
Шу йили январ-август ойларида савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳажми 25 фоизга ошди.
Инвестициялар ҳажми
2025 йилнинг биринчи ярим йилида асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 270 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 5,5 фоизга ўсди. Марказлашмаган инвестициялар 247 трлн сўмни, реал ўсиш 6,6 фоиз бўлди. Жумладан, хорижий инвестициялар ҳажми 8,5 млрд долларни ташкил этиб, 37 фоиз ўсишини ташкил қилди.
Шунингдек, 2025 йилнинг январ-август ойларида иқтисодиётга ажратилган жами кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ошиб, 249 трлн сўмни ташкил этди. Маълумот учун, ўтган йилнинг мос даврида кредитлар 10 фоизга ошган.
Макроиқтисодий прогнозларга кўра, йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,5 дан 7 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, халқаро савдодаги чекловлар ва ўзаро алоқаларга киритилган ўзгаришлар туфайли глобал инфляциянинг пасайиши кутилганидан секин кечаётгани, жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошаётганлиги ҳамда асосий савдо ҳамкор давлатлардаги инфляция даражасининг таргет кўрсаткичларидан юқори шаклланганлиги келгусида импорт инфляциясининг кучайишига олиб келиши мумкин.
Миллий валюта 3–4 фоиз мустаҳкамланди
Темур Ишметовнинг валюта алмашинув курсига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, миллий валюта курси ички бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланади. Марказий банк бу бўйича мақсадли кўрсаткич белгиламайди ва аралашмайди.
«Миллий валюта йил бошидан 3–4 фоиз атрофида мустаҳкамланди. Ушбу тенденция бир қатор омиллар натижасида юз бермоқда. Хусусан, жорий йилда иқтисодиётда хорижий валюта таклифи сезиларли даражада юқори шаклланмоқда. Хусусан, январ-июлда олтинсиз экспорт, яъни олтинни ҳисобга олмасак ҳам, экспорт қарийб 20 фоизга ошди ва жами экспортимиз 20,4 млрд долларни ташкил этиб, 37 фоизга ўсди», дейди Марказий банк раиси Ишметов.
Январ-августда 12,1 млрд доллар пул ўтказмалари амалга оширилди. Бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кўпроқ. Банклар томонидан жисмоний шахсларга сотилган валюта ҳажми сезиларли пасайиб, валюта харидига нисбатан тафовут 5,6 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўпроқ. Банклар аҳолидан 40 фоизга кўпроқ валюта сотиб олди.
Темур Ишметовнинг маълум қилишича, долларнинг жаҳондаги бошқа валюталарга нисбатан 9–10 фоизга қадрсизланиши кузатилган. Бу алмашинув курси тебранувчанлиги ошиши миллий валютанинг қадрсизланиши кутилмаларини камайтиради.
Шу сабабли, 2025 йил якунидан инфляция даражаси 8,7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Шу йилнинг бошида эса бу кўрсаткич 7–8 фоиз деб прогноз қилинган эди.
Юқоридаги барча омилларни инобатга олган ҳолда, Марказий банк асосий йиллик ставкани 14 фоизга ўзгаришсиз қолдирди. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг март ойида асосий ставка 0,5 фоизга кўтарилган ва шундан буён ўзгаришсиз қолмоқда.
Маҳлиё Ҳамидова, Vaqt.uz мухбири.