10 сентябр куни Нукусдаги дала ўқув майдонида амалий машғулотлар чоғида кичик портлаш юз берди. Бу ҳақда UzA Миллий гвардия маълумотига таяниб хабар берди. (https://t.me/uzalive/112)
Маълум бўлишича, портлаш ўқув машғулоти учун мўлжалланган портловчи махсус воситанинг детонация шнури чақнаши натижасида содир бўлган.
Натижада 10 га яқин ҳарбий хизматчи турли даражада тан жароҳатлари олган. Жароҳатланганларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва уларнинг соғлиғини тиклаш бўйича зарур чоралар кўрилгани маълум қилинди.
Миллий гвардиянинг таъкидлашича, ҳозирда ҳарбий хизматчиларнинг саломатлиги хавф остида эмас. Ҳолат юзасидан хизмат суриштируви тайинланган ва мутасадди раҳбарлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, ўқув машғулотлари доирасида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қўшимча хавфсизлик чоралари ишлаб чиқилади.