Президент криптовалюта орқали тўловларни синовдан ўтказиш топшириғини берди
2025 йил 10 сентябр куни Шавкат Мирзиёев молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича тақдимотда иштирок этди. Унда у криптовалюта сингари рақамли активларни амалиётда синаш бўйича радикал ташаббусларни илгари сурди. Президент стейблкойнларни тўлов воситаси сифатида тестдан ўтказиш ҳамда қимматли қоғозларни токенлаштиришни амалга оширишни топширди.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пакнинг сўзларига кўра, Марказий банк билан ҳамкорликда криптовалюта ва токенлардан тўлов сифатида фойдаланиш имкони тўлиқ ўрганилади. Бу лойиҳа орқали рақамли молия воситаларининг Ўзбекистондаги келажаги аниқланади. Экспертлар ушбу криптовалюта воситасини амалиётдаги стейблкойн сифатида баҳоламоқда.
Нукусда ҳарбий ўқув машғулот пайтида кичик портлаш юз берди
10 сентябр куни Нукусдаги дала ўқув майдонида амалий машғулотлар чоғида кичик портлаш юз берди. Портлаш ўқув машғулоти учун мўлжалланган портловчи махсус воситанинг детонация шнури чақнаши натижасида содир бўлган.
Натижада 10 га яқин ҳарбий хизматчи турли даражада тан жароҳатлари олган. Жароҳатланганларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва уларнинг соғлиғини тиклаш бўйича зарур чоралар кўрилгани маълум қилинди.
Миллий гвардиянинг таъкидлашича, ҳозирда ҳарбий хизматчиларнинг саломатлиги хавф остида эмас. Ҳолат юзасидан хизмат суриштируви тайинланган ва мутасадди раҳбарлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда инфляция даражаси пасайди, бироқ энергия нархлари таъсири ҳануз юқори
Марказий банк ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда умумий инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга пасайиб, йиллик кўрсаткич 8,8 фоизга тушди. Базавий инфляция даражаси эса 7,6 фоизни ташкил қилмоқда. Аҳолининг август ойидаги инфляция кутилмалари эса 12,2 фоиз бўлган эди. Одамлар асосан гўшт ва сут маҳсулотлари, электр ва табиий газ, бензин нархлари ошишидан хавотирда эканлигини маълум қилган.
Уларнинг хавотирлари ўринли бўлди, чунки августда бир нечта маҳсулотлар ҳақиқатан қимматлашди. Хусусан, ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,6 фоизга (ўтган йилнинг август ойида — 0,5 фоиз), ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар 0,3 фоизга ошди. 2025 йил январ–август ойларида умумий инфляция даражаси ўтган йилга нисбатан пастроқ шаклланди. Умумий инфляция кўрсаткичининг ўтган йилга нисбатан 4,5 фоизга пасайиши, жорий йилда энергия нархлари таъсири ўтган йилга нисбатан пастроқ экани билан изоҳланди.
Марказий банк яна асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди — сабаблар
Ўзбекистон Марказий банки инфляция хавфларини ҳисобга олиб, асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Қарор инфляция кўрсаткичлари, энергия тарифлари таъсири, ички талаб фаоллиги ва жаҳон бозоридаги нархлар ўсиши билан изоҳланмоқда.
Август ойида расмий инфляция 8,8 фоизгача пасайган бўлса-да, тарифлар ва ташқи омиллар нархларни юқори даражада ушлаб турибди. Миллий валюта йил бошидан 3–4 фоиз мустаҳкамланди, экспорт ҳажми эса 20 фоизга ошди. Марказий банк йил якунида инфляция 8,7 фоизатрофида бўлишини прогноз қилмоқда.
«Толибон»га ҳарбий вертолётлар қайтарилиши ёлғон — Ўзбекистон ТИВ
Афғонистон матбуоти Ўзбекистон ҳукумати 2021 йил август ойида олиб ўтилган ҳарбий вертолётларни Афғонистонга қайтаришга рози бўлгани ҳақида хабар берди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурханов бу хабарларни рад этиб, уларни «фейк» деб атади. (https://vaqt.uz/2025/09/11/tolibonga-harbiy-vertolyotlar-qaytarilishi-yolghon-ozbekiston-tiv/)«Ташқи ишлар вазири матбуот котиби бу каби хабарларни ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкдлаб, рад этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон позицияси ўзгаришсиз қолган, бу янгиликлар — fake news», — деди вазирлик расмийси.
Аввалроқ, The Kabul Times нашри Афғонистон муваққат ҳукуматининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳидга таяниб, Ўзбекистон Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлганини ёзди.
«57 та ҳарбий вертолётнинг топширилиши тез орада амалга ошиши кутилмоқда ва Афғонистон ҳаво кучларини қайта қуриш, шунингдек, икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади», — дея Мужоҳид сўзларини келтиради нашр.
37 йил деганда илк марта: Ўзбекистонда 2026 йил аҳоли рўйхатдан ўтказилади
Ўзбекистонда 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш тадбирлари ўтказилади. Унинг дастлабки 17 куни интернет орқали, кейинги бир ой мобайнида эса «маҳалла еттилиги» иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бугун, 11 сентябр куни аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларини самарали ташкил этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишиш чоғида маълум бўлди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда умуммиллий рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда ўтказилган. Сўнгги йилларда бу йўналишда қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида» қонун қабул қилиниб, аҳолини ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказиш белгиланган.