Ўзбекистон ва Сент-Люсия дипломатик муносабат ўрнатди

14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ню Йорк шаҳрида Ўзбекистон Кариб денгизидаги орол давлат билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйилди.

Sent lusiya

Ўзбекистон Сент-Люсия орол давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. Бу хақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди. Агентлиги хабарига кўра, икки давлат ҳукуматлари номидан қўшма коммюнике имзоланди. Ҳужжатга Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ҳамда Сент-Люсиянинг БМТдаги доимий вакили Менисса Рамбали имзо қўйди.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Ҳужжат имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси мамлакатлари билан алоқаларини кенгайтиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Сент-Люсия билан муносабатлар ўрнатилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги дипломатик географиясини янада кенгайтирди.

Шу тариқа, Кариб денгизининг шарқий қисмида жойлашган Сент-Люсия орол давлати Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 163-давлатга айланди.