Марказий банк ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда умумий инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга пасайиб, йиллик кўрсаткич 8,8 фоизга тушди. Базавий инфляция даражаси эса 7,6 фоизни ташкил қилмоқда.
Аҳолининг август ойидаги инфляция кутилмалари эса 12,2 фоиз бўлган эди. Одамлар асосан гўшт ва сут маҳсулотлари, электр ва табиий газ, бензин нархлари ошишидан хавотирда эканлигини маълум қилган.

Уларнинг хавотирлари ўринли бўлди, чунки августда бир нечта маҳсулотлар ҳақиқатан қимматлашди. Хусусан, ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,6 фоизга (ўтган йилнинг август ойида — 0,5 фоиз), ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар 0,3 фоизга ошди.
2025 йил январь–август ойларида умумий инфляция даражаси ўтган йилга нисбатан пастроқ шаклланди. Умумий инфляция кўрсаткичининг ўтган йилга нисбатан 4,5 фоизга пасайиши, жорий йилда энергия нархлари таъсири ўтган йилга нисбатан пастроқ экани билан изоҳланди.
Энергия нархлари нималарга таъсир қилмоқда?
Хизматлар инфляцияси ўтган йилнинг мос даврига кўра, 22,2 фоиздан 12 фоизгача тушди. Шунга қарамасдан, энергия нархлари кўтарилиши ҳисобига хизматлар гуруҳининг инфляция ўсишидаги ҳиссаси юқорилигича қолмоқда.

Энергия нархларининг ошиши умумий инфляция даражасига ҳам таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, аҳоли орасида ҳам бу йўналишдаги хавотир кучли. Марказий банкнинг инфляция кутилмалари таҳлилига кўра, одамлар айниқса коммунал тўловлар ўсиши эҳтимолидан безовта бўлаётгани яққол кўзга ташланади.
Бу масала бўйича Vaqt.uz журналисти Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати департаменти директор ўринбосари Илҳомиддинов Исломжонга мурожаат қилди.
— Таҳлилларга таянсак, энергия нархлари ошиши умумий инфляция ва хизматлар соҳасига сезиларли таъсир кўрсатган. Аҳоли орасида коммунал тўловларга оид инфляция кутилмалари ҳам энг юқори кўрсаткичда. Бу бўйича Марказий банк Энергетика вазирлигига мурожаат қилдими? Бу бўйича нимадир режа қилиняптими?
— Албатта, ҳар бир таҳлил ўрганиб чиқилади. Марказий банк эълон қилган ҳисоботлар ҳукуматда муҳокама қилиниб, шунга қараб вазирликка мурожаат билан чиқилади. Шу сабабли, Марказий банк бевосита мурожаат қилмайди.
Маълумот учун, энергетика нархларининг умумий инфляцияга таъсири масаласи ҳали ҳукумат даражасида кўриб чиқилмаган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси
Январ–август ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ўсиб, 1,3 фоизга чиқди. Аҳолининг инфляция кутилмаларида ҳам ҳар ойда айнан гўшт, сут ва тухум каби маҳсулотларнинг нархи ошишидан хавотирда эканлигини кўриш мумкин.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 фоизгача секинлашган.
Умумий инфляциянинг пасайишига мева-сабзавотлар инфляциясининг ошиб бораётгани тўсқинлик қиляпти. Мева-сабзавотлар базавий инфляция даражаси май ойидан бошлаб нисбатан кўтарила бошлаган, август ойида эса сезиларли ўсиш кузатилган. Натижада озиқ-овқатлар базавий инфляцияси пасайиши умумий инфляция кўрсаткичида акс этмаган.

Хусусан, гўшт нархлари ўзгариши катта таъсир қилувчи омил бўлмоқда. Апрель ойидан гўшт нархларининг барқарорлашиши озиқ-овқатлар базавий инфляцияси секинлашишига хизмат қилди. Августдаги пасайиш асосан гўшт маҳсулотлари нархларининг ўзгариши ҳисобига юз берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёда гўшт нархлари етти ой кетма-кет қимматлашгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам импорт қилинган гўштларнинг нархи ошгани қайд қилинган.
Маълумот учун, август ойидаги инфляция кутилмалари таҳлилига кўра, Сурхондарё аҳолиси нархлар ошишидан хавотирга эканлигини билдирган ва ўтган ойга нисбатан кескин ўсиш кўрсатган.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.