Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, резидентлик руҳсатномаси эгалари ўз маҳалласидаги тўхташ жойларидан кечки пайтдан тонггача имтиёзли шартларда фойдаланиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, кундузи муайян чегирмалар берилиши, байрам ва дам олиш кунларида эса имкониятлар янада кенгайтирилиши кўзда тутилган.
Ҳозирги пайтда руҳсатномаларни электрон шаклда олиш имкони яратилиши учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнлар жорий йил ноябрига қадар якунланиши режалаштирилган.
Ишлар тугагач, шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, руҳсатнома бериш тартиби, амал қилиш муддати, ҳуқуққа эга бўлувчи фуқаролар тоифаси ва имтиёзлар рўйхати аниқ белгиланади. Қарор тасдиқлангач, унинг тўлиқ мазмуни омма учун эълон қилинади.
Ўзбекистонда илк бор пулли йўллар қурилиши ҳақида 2018 йилда маълум қилинган. 2022 йилда Давлат-хусусий шериклик агентлиги директори Зокир Бозоров Тошкент—Андижон ва Тошкент—Самарқанд пулли йўллари 2026 йилгача қуриб битиши кераклигини ҳақида хабар берганди. Кейинчалик транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев қурилишдаги кечикишларни ҳисоб-китоб жараёнлари узоққа чўзилгани ва лойиҳаларга киритилган ўзгаришлар билан изоҳлаган.