Россияда меҳнат мигрантларига оила аъзоларини мамлакатга олиб келиш тақиқланиши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси Давлат Думасига 9 сентябр куни Сергей Миронов бошчилигидаги «Адолатли Россия – Ҳақиқат учун» фракцияси депутатлари томонидан киритилган.
Ташаббус муаллифларининг фикрича, мигрантлар оилалари мамлакатдаги мактаб, шифохона ва ижтимоий инфратузилмага ортиқча юк бўлмоқда. Уларга хизмат кўрсатиш харажатларини меҳнат патентларидан тушадиган маблағ қопламайди.
Улар Беларус фуқаролари ва юқори малакали хорижий мутахассислар учун истисно қилишни таклиф қилмоқдалар. Ҳужжат Думанинг қонунчилик базасида эълон қилинди.
«Шу билан бирга, мигрантларнинг патентларидан олинган бюджет даромадлари ишламайдиган оила аъзоларини таъминлаш харажатларини қопламайди. Бу эса миграция сиёсатининг мазкур моделини иқтисодий жиҳатдан самарасиз қилади,» — дея таъкидланади ҳужжатга илова қилинган тушунтириш хатида», — дейилади ҳужжатнинг тушунтириш хатида.
Агар тақиқ қабул қилинса, у ҳолда бундай чора паст малакали ишчи мигрантлар оқимини 15–20 фоизга қисқартиради.
Аввалроқ, «Янги одамлар» фракцияси мигрантлардан қўшимча даромад олиш мақсадида улар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси давлат божини 4 минг рублдан 20 минг рублгача ошириш таклифини илгари сурган эди.
Vaqt.uz Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Россияда нафрат, тазйиқ ва зўравонликка учраётгани, Ҳукумат мигрантларга қарши кампанияни кучайтиришда давом этаётгани, ҳуқуқлар эса жиддий чекланмоқдалиги ҳақида ёзган эди.
Россия Марказий банки маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида мамлакатдаги корхоналарнинг 20 фоизидан зиёди ишчи етишмаслиги муаммосидан шикоят қилган. Аммо меҳнаткашларни қарши олиш ўрнига, Россия расмийлари муҳожирларга нисбатан нафратни қўзғамоқда ва улар учун чекловларни кучайтирмоқда. Расмий ҳисоботларга кўра, мамлакатда 6,1 миллион меҳнат муҳожири бор, аслида эса бу кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин. Ҳукумат уларнинг ҳаракатини назорат қилмоқда, ишлаш ҳуқуқларини чекламоқда ва болаларининг таълим олиш имкониятларини ҳам тўсмоқда.