Қоидабузар ҳайдовчиларга жаримадаги чегирма бекор қилиниши мумкин

13:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини тизимли равишда бузадиган ҳайдовчилар учун жаримани чегирма билан тўлаш имконияти бекор қилиниши режалаштирилмоқда.

Ypx

Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига янги қонун лойиҳасини киритди. Унда тезликни меъёридан мунтазам ошириш, светофорнинг қизил чироғидан ўтиш ёки қаршилик йўлагини бузиш ҳолатлари учун имтиёзли тўлов тизимини бекор қилиш кўзда тутилган.

Таклифга кўра:
— бир ой ичида беш марта белгиланган тезликни 40–60 km/h дан оширган;
— икки марта қизил чироқда йўлни кесиб ўтган;
— ҳаракатни тартибга солувчи ишораларига бўйсунишдан бош тортган ҳайдовчилар имтиёздан маҳрум бўлади.

Шунингдек, икки марта қаршилик йўлагидан чиқиб кетган ёки авариявий вазият юзага келтирган ҳайдовчилар ҳам ушбу тоифага киради.

Вазирлик маълумотича, бундай чекловлар қонунчиликка киритилса, оғир оқибатларга олиб келадиган йўл-транспорт ҳодисалари сони сезиларли камайиши кутилмоқда. Чунки чегирма имконияти баъзи ҳайдовчиларда масъулиятсизликка олиб келаётгани таъкидланмоқда.

Мутахассислар фикрича, ташаббус қабул қилинса, интизомсиз ҳайдовчиларга нисбатан назорат кучайиб, жамоат хавфсизлиги даражаси ошиши мумкин.

Аввалроқ туну-кун фаолият кўрсатувчи кўчаларда автомобиллар тезлиги 20 km/h гача чекланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.