Россияда кундалик эҳтиёж маҳсулотларига талаб кескин камаймоқда. Бунга сабаб — нархларнинг барқарор ўсиши ва аҳолининг харид қобилияти пасайиши. Расмий Росстат маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери айрим маҳсулотлар нархи 40 фоизгача ошган.
2025 йил январ–август ойларида россияликлар кийим-кечак сотиб олишни 8 фоизга камайтирган. Бу ҳақда «Коммерсантъ» ОФД платформаси маълумотларига таяниб хабар берди. Савдо марказлари уюшмасига кўра, бундай пасайиш сабаб катта миқёсли чакана савдо тармоқлари майдонларини 40 фоизгача қисқартиришга мажбур бўлади.
Озиқ-овқатда эса аҳоли арзон чегирмали дўконларини кўпроқ танламоқда. «Светофор», «Чижик» ва «Доброцен» каби тармоқлар йил давомида 27 фоиз ўсиш қайд этган. Бу барча ритейлерлар орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Инфолайн таҳлилчиси Михаил Бурмистров буни фуқароларда тежамкорликка бўлган иштиёқ билан изоҳлайди.
Ромир тадқиқотига кўра, 68 фоиз россияликлар фақатгина чегирма ёки акциядаги маҳсулотларни танлайди. 57 фоиз одамлар ўрнини босувчи арзонроқ товарларга ўтаётган бўлса, 49 фоизи эса махсус арзон дўконларга ўтиб кетган. Бу фақат ўртача даромадлилар орасида эмас — 150 минг рублдан ортиқ даромадга эга оилаларда ҳам шундай тамойил кузатиляпти.
Maиший техника ва электроника сотуви сўнгги 30 йилдаги энг паст даражага тушди. DNS компанияси раҳбари Дмитрий Алексеевнинг таъкидлашича, рублдаги умумий савдо ҳажмида ҳам камайиш қайд этилмоқда — бу илгари кузатилмаган ҳолат. Муттахассислар фикрича, россияликлар нархлар яна ошиб кетишидан хавфсираб, барча йирик харидларни кейинга қолдирмоқда.