2025 йил 8 сентябрда қабул қилинган Президент фармонига кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқий ахборотни тарқатишда сунъий интеллект асосида «проактив қонунчилик» тизими жорий этилади. Бу орқали аҳоли ва бизнес ўз ҳаёти ёки фаолиятига дахлдор қонунларни тез ва қулай тарзда билиб олади.
Янги тизим Lex.uz порталига асосланади ва my.gov.uz ҳамда soliq.uz билан боғланади. Масалан, ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштирган шахс дарҳол йўл ҳаракати қоидалари ва улардаги ўзгаришлар ҳақида ҳаволани шахсий кабинетида қабул қилади. Туризм билан шуғулланадиган тадбиркор эса ИФУТ коди орқали аниқланиб, фаолиятига тегишли норматив ҳужжатларнинг янгиликларини автоматик олади.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижрочиларга «Ijro.gov.uz» тизими орқали етказилади ва уларнинг тушунтирилиши назорат қилинади. Бу жараён «Рақамли маҳалла» платформаси билан уйғун тарзда амалга оширилади.
Энг муҳим янгиликлардан бири – ҳуқуқий тарғиботни тегишли давлат органлари амалга ошириши ва Адлия вазирлиги томонидан картотека орқали мунтазам назорат қилиниши ҳисобланади. Интернет орқали кенг қамровли тарғибот учун эса «Adliya TV» саҳифаси ишга туширилади.
Бу ислоҳотлар орқали қонунчилик барчага осон, тез ва тушунарли тарзда етказилади, фуқаролар ва тадбиркорлар эса ўз фаолияти учун муҳим қоидалардан вақтида хабардор бўлади.