Туркия Мудофаа вазирлиги Сурия ҳарбийларига таълим бериш ва маслаҳат кўрсатиш, шунингдек, август ойида мамлакатлар ўртасида имзоланган ҳамкорлик битимига мувофиқ техник ёрдам кўрсатишни бошлади. Бу ҳақда Daily Sabah газетаси Туркия ҳарбий идорасидаги манбаларга асосланиб хабар бермоқда.
Нашр суҳбатдошларининг айтишича, битим имзоланганидан сўнг Сурия қуролли кучларини қайта ташкил этиш бўйича ҳаракатлар жадаллашган. Машғулотлар, ташрифлар, маслаҳатлашувлар ва техник қўллаб-қувватлаш Сурия Мудофаа вазири билан ҳамкорликда режали тарзда амалга оширилмоқда. Туркия «ягона давлат, ягона армия» тамойилини рўёбга чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Daily Sabah газетасининг маълумотларига кўра, Туркия Сурияга қурол-яроғ етказиб бермоқда ва моддий-техник таъминот масалаларида ҳам ёрдам кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Сурия ҳукумати минтақани террорчилик фаолиятидан халос қилиш тўғрисидаги чақириқларни эътиборга олди.
Газета манбалари Исроил Суриядаги турк ускуналарига зарба бергани ҳақидаги хабарларни инкор этди. Туркия Мудофаа вазирлиги Сурия шимолида турк ходимлари ва ускуналарининг жойлашувида ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини таъкидлади.