Далаларга ноқонуний ўт қўйиш 27 минг гектар ерга зарар етказди

19:40 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил май–август ойларида мамлакатда 2 436 та дала ёнғин кузатилган. Энг кўп зарар Тошкент вилоятига тўғри келади.

Kosmos

2025 йил май–август ойларида 13 та ҳудудда ғалладан бўшаган ерларда сомон пояларининг ноқонуний ёқилиши аниқланган. Жами 27 минг гектардан ортиқ майдон зарар кўрган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йилдаги 31 минг 542 гектардан бироз камайган. Бу ҳақда «Ўзбеккосмос» агентлиги маълумот берди.

Маълум бўлишича, энг катта зарар Тошкент вилоятига тўғри келди — 870 та ҳолатда 11 829 гектар ер ёқиб юборилган. Шу билан бирга, Андижон вилоятида 7 665 гектар, Сурхондарё вилоятида эса 2 104 гектар майдон зарарланди. Энг кам зарар Навоий вилоятида қайд этилган бўлиб, у ерда фақат 1 та ҳолатда 8 гектар ер ёқилган.

Агентликнинг таҳлилларида айрим ерларда ёнғин ҳолатлари такрорлангани ҳам аниқланган. Хусусан, Тошкент вилоятида 73 та, Сурхондарё вилоятида 47 та ва Самарқанд вилоятида 13 та ҳолат иккинчи бор содир бўлган.

1 гектар ер майдонида бошоқли дон пояси ёқилганида атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди (СО) гази тарқалади. Бу эса инсон организмида сил ва саратон касалликлари келиб чиқиши, атроф-муҳит ифлосланиб, тупроқ унумдорлиги пасайиши каби оқибатларга олиб келади, дейди «Ўзбеккосмос».

Эслатиб ўтамиз, жорий йилдан «Ўзбеккосмос» дала ёнғинларини кузатиш учун янги портал ишга туширган эди.