Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат энди Сенатга кўриб чиқиш учун юборилди. Қонун лойиҳаси 5 августда биринчи ўқишдан ўтган эди.
Қонун асосий принцип сифатида реновацияда қатнашишнинг ихтиёрийлигини белгилайди. Яъни, фуқаронинг нотариал розилигисиз унинг мулкини бузиш ёки ҳеч қандай шарт билан кўчириш тақиқланади. Ҳар бир реновация лойиҳаси онлайн платформа ва ОАВда очиқ муҳокамадан ўтади, маҳаллий кенгашлар томонидан кўриб чиқилади.
Шахсий мулк дахлсизлиги қонун билан кафолатланмоқда. Рўй берадиган барча зиддиятли масалалар, масалан ер эгалиги ёки мулк ҳуқуқи бўйича мулкдор фойдасига ҳал қилинади. Ҳокимият органлари томонидан мулк ҳуқуқини бузиш мумкин эмас.
Қонун реновация лойиҳаларини уч босқичда амалга оширишни назарда тутади: ҳудудни танлаш, лойиҳани тасдиқлаш ва қурилиш. Лойиҳани ишлаб чиқувчилар уйи бузиладиган мулкдорларга янада яхшироқ уй ёки компенсация таклиф қилади. Кам деганда 80 фоиз мулк эгаси рози бўлмаса, лойиҳа муҳокамага чиқарилмайди.
Бош вазир ўринбосарлари ва ҳокимлар учун реновация бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади. Лойиҳа муаллифлари шаҳар бош режасига мувофиқ иш олиб бориши шарт. Ҳеч ким «яхши тураржойни бузиб», уни алмаштиришни таклиф қилиши мумкин эмас.