Фуқаро сохта ходимларга ишониб, криптовалюта орқали 170 минг доллардан айрилди

16:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Омбудсман фуқароларни ҳуқуқни муҳофаза органлари номидан алдаётган шахсларга ишонмасликка ва молиявий эҳтиёткорликка чақирди.

Kiberxavfsizlik

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га фуқаро М.П.дан катта миқдордаги маблағни фирибгарлар таъсирида йўқотгани ҳақида мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар берди.

Унинг айтишича, 2024 йил декабрида фирибгарларга криптовалюта орқали 170 минг АҚШ долларини ўтказиб юборган. Фирибгарлар ўзини Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Марказий банк ходими сифатида таништирганлиги учун уларга ишонган.

Фуқаро маблағни топиш учун автомашинаси ва уйини сотган, жамғармаларидан воз кечган ҳамда қарзга кирган. Алданганлигини билгандан сўнг Киберхавфсизлик марказига мурожаат қилган ва жиноий иш қўзғатилиб, жабрланувчи сифатида тан олинган.

Шикоят юзасидан омбудсман Ички ишлар вазирлигига сўров йўллаган. Текширувлар натижасида Киберхавфсизлик бошқармаси криптодўкон орқали фуқаро М.П. фойдасига 115 минг АҚШ долларини (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) ундириб берган.

Омбудсман ўз хабарида, фирибгарлик билан боғлиқ мурожаатлар кўп келиб тушади, бироқ уларнинг катта қисмида маблағларни қайтариб олиш имкони бўлмайди, шу сабабли фуқаролардан эҳтиёткорлик ва хабардорлик талаб этилади, деган.

Шунингдек, Омбудсман  фуқароларга қатор тавсиялар берди. Хусусан, шахсий рақам орқали қўнғироқ қилиб тўлов ёки маълумот талаб қилаётган шахсларга ишонмаслик лозим. Телефон орқали паспорт, ID-карта, банк картаси, PIN ёки SMS-код каби маълумотларни ҳеч кимга ошкор этмаслик керак. Шунингдек, криптовалюта орқали тўлов сўралганда мулоқотни тўхтатиб, ҳуқуқни муҳофаза органларига мурожаат қилиш тавсия этилди.

Омбудсманнинг таъкидлашича, давлат идоралари ва ташкилотлар фақат расмий каналлар орқали иш олиб боради. Шубҳали ҳолатларда тегишли идоранинг ишончли рақамлари орқали маълумот олиш зарур.