Ўзбекистонга ҳафта охирида ҳарорат пасайиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
12-13 сентябр кунлари мамлакатнинг асосий қисмида қуруқ ва нисбатан иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати +30…+35 даража, жанубий вилоятларда эса +37…+39 даражага етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Бу ҳудудларда кундузги ҳарорат +20…+25 даражагача пасаяди. Шимолий ва чўл ҳудудларИда шамол кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши эҳтимоли бор.
Якшанба куни республика бўйлаб ҳарорат пасайиб, кундузи +25…+30 даража, жанубий вилоятларда эса +33…+35 даражадан ошмайди.
Тошкент шаҳрида жума куни ҳарорат +33…+35 даража, шанба куни +31…+33 даража, якшанба куни эса +27…+29 даража бўлиши кутилмоқда. Шамол шарқдан эсиб, секундига 10–12 метргача кучайиши мумкин. Кечаси пойтахтда ҳарорат +16…+19 даражада сақланади.
Кейинги ҳафтанинг биринчи ярмида ҳам республикага салқин ҳаво массалари кириб келиши давом этади. Кечаси ҳарорат +10…+15 даражагача, кундузи эса +20…+25 даражагача пасайиши мумкин. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.