РБК хабарига кўра, «Авито Работа» сервисининг таҳлилида 2025 йил ёз ойларида дворниклар учун маош таклифлари ўртача 25 фоизга ошган, яъни 51 минг 541 рублга етган. Бу уларни мамлакатда маоши энг тез ўсган касблар қаторига олиб чиқди. Бундан бир йил аввал бу кўрсаткич 38 900 рубл атрофида бўлгани таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, иш вақти объектга боғлиқ ҳолда ҳар хил тарзда ташкил этилади — эрталаб ва кечқурун 4–5 соатдан икки сменали график, ёки кунлик ўзгарувчан вазифалар билан тўлиқ иш вақти бўлиши мумкин. Маълумотларга кўра, уй-жой коммунал соҳасида ўртача маош таклифлари умумий ҳисобда 43 фоизга кўтарилиб, 79 минг 640 рублга етган.
Ҳудудий таъминот соҳаларида ҳам ўсиш қайд этилмоқда. Масалан, электр мутахассисларига маош таклифлари ўртача 77 204 рублга етди — бу ўтган йилга нисбатан 8 фоизга кўп. Транспорт машиналари саноатида маошлар 38 фоизга, оғир машиналар соҳасида эса 35 фоизга ўсган. Бу соҳаларда иш ҳақи мос равишда 117 минг 809 ва 129 минг 649 рублни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, слесарлар ва токарларнинг даромадлари ҳам кескин ошган. Слесарлар маоши 18 фоизга кўтарилиб 96 минг 733 рубл, токарларники эса 13 фоизга кўтарилиб, 176 минг 686 рублга етди.
Шунга қарамай, Россияда уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида кадрлар етишмовчилиги 18–23 фоиз даражасида бўлиб қолмоқда. Айниқса, кўча супурувчилар ва слесарлар етишмаслиги сезиларли.