Шаҳарларда дори рецепти қоғозда эмас телефонда QR код шаклида кўрсатилади

15:55 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда электрон рецепт тизими ишга тушяпти: эндиликда дори рецепти шифокор имзоси билан телефонда келади ва QR-код билан текширилади.

Qr рецепт

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Соғлиқни сақлаш тизимида электрон рецепт тизимини жорий этиш бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, 10 декабрдан бошлаб Тошкент ва Самарқанд каби яна 14 шаҳар ва туманда электрон рецепт бериш амалиёти бошланади. Бу ҳудудлар — Президент ташаббуси билан янги соғлиқни сақлаш модели жорий этилаётган ҳудудлардир.

Тизимнинг биринчи босқичида шифокорлар пациентга электрон рецепт тайёрлаб беради. Унда дори воситасининг халқаро номланиши, қабул қилиш дозаси, усули ва муддати аниқ кўрсатилади. Барча маълумотлар электрон тиббий картада сақланади, рецепт эса QR-код билан тасдиқланади.

Бироқ кучли таъсир этувчи, наркотик ёки психотроп моддаларни ўз ичига олган дори воситалари учун ҳозирча анъанавий қоғоздаги рецепт сақланади. Бу турдаги дорилар учун электрон шакл 2027 йилгача ишлаб чиқилади.

Электрон рецептда клиника номи, лицензия рақами, СТИР, шифокорнинг тўлиқ ФИШи ва телефон рақами, ҳамда беморнинг шахсий маълумотлари акс этади. Ушбу тизим барча дори воситаларининг юритилиши, сотилиши ва қўлланилишини онлайн назорат қилиш имконини беради.

Лойиҳа 2026 йил охиригача бутун мамлакат бўйлаб жорий қилиниши режалаштирилган.