Тошкент — Чиноркент — Тошкент экспресс электропоездлар учун чипта нархлари оширилмоқда. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ хабар берди.
Нархлар қанча бўлади?
Тоифа |
Аввалги нарх (сўм) |
Янги нарх (сўм) |
Катталар |
20 000 |
30 000 |
Ёш болалар |
11 500 |
16 500 |
Ҳисоб-китобларга кўра, катталар учун чипта нархлари 50 фоизга, болалар учун эса 43,5 фоизга ошган. Янгиланган нархлар 25 – сентябрдан амал қилади.
Vaqt.uz журналисти чипта нархлари ошиш сабаблари юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот котиби Алишер Болтабоевга мурожаат қилди. Матбуот котиби Vaqt.uz’га электропоезд чипталари қимматлашиши ҳақида маълумотнома тақдим этди.
Унга кўра, асосий омил — энергия ресурслари нархининг ошиши. Хусусан, 2025 йил 1 майдан электр энергияси тарифлари расмий равишда 33 фоизга кўтарилган. Натижада йўловчи ташиш харажатлари ортиб, бир йўловчини ташиш учун ўртача 120 минг сўм сарфланмоқда.
Тарифлар нафақат электропоезднинг чипта нархлари, балки инфляция кўрсаткичларига ҳам сезиларли таъсир қилаётгани ҳақида ёзган эдик. Шу билан бирга, аҳоли орасида ҳам бу йўналишдаги хавотир кучли.
Умумий харажатлар қанча?
Vaqt.uz’га тақдим қилинган маълумотномага кўра, 2025 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида «Тошкент — Чиноркент — Тошкент» йўналишида ҳаракатланувчи тезюрар электропоезднинг харажатлари қуйидагича:
Тасниф |
Миқдор |
1 йўловчи учун харажат | 120 минг 717 сўм |
Инфратузилма харажатлари | 7 млрд 577 млн 760 минг 480 сўм |
МЧЖ харажатлари | 2 млрд 98 млн 190 минг 862 сўм |
Хизмат кўрсатилган йўловчилар сони | 80 минг 154 нафар |
Жами даромад | 1 млрд 548 млн 242 минг сўм |
Жами харажатлар | 9 млрд 675 млн 951 минг 342 сўм |
Жадвал «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ юборган маълумотнома асосида тайёрланди.
«Aҳолига ортиқча юк туширмаслик учун давлат томонидан йўловчи ташишдан кўрилган зарарлар қоплаб берилмоқда. Хусусан, ҳар бир йўловчи учун 90 минг сўм харажатни давлат ўз зиммасига олган. Чипта нархи ҳақиқий харажатга нисбатан тўрт баравар арзон бўлиб қолмоқда», — дейилади маълумотномада.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил январ ойида Чиноркентда янги темир йўл бекати фойдаланишга топширилган эди. Шу мақсадда Хўжакентдан Чиноркентга шаҳар атрофи қатновини таъминлаш учун 1,5 километр узунликдаги янги бир изли темир йўл тармоғи қуриб битказилган. 28 март кунидан бошлаб эса Гулистон – Тошкент — Чиноркент — Тошкент — Гулистон йўналиши бўйича шаҳарлараро тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилган.
Поезд чипталари нархининг ошиши хронологияси
Ўзбекистонда 2025 йил 1 февралдан барча турдаги йўловчи поездларида чипта нархлари ошди. Хусусан, «Афросиёб» 25 фоизга, «Ўзбекистон», «Шарқ», «Насаф» поездлари чиптаси 30 фоизга қимматлаган. Тезюрар бўлмаган (ётоқли) поезд чипта нархлари 10,5 фоизга кўтарилди.
Охирги 2 йилда «Афросиёб» чипталари нархи камида 200 фоизга ошган. Хусусан, 2023 йил октябрда 100 фоизга, 2024 йил 20 январдан 20 фоизга ҳамда 2024 йил 15 майдан эконом класс 20 фоизга, бизнес класс 30 фоиз ҳамда VIP класс 40 фоизга ошган. Бу ҳолатга сабаб сифатида кредит мажбуриятлари, электр энергияси нархининг ошиши, техник кўрик ҳамда инфратузилма харажатлари қайд этилган.
Нархлар ошганига қарамасдан, ҳали ҳам поездга билет топиш муаммолигича қолмоқда.

Масалан, Тошкент – Навоий йўналишида 13 сентябр кунига кўра «Афросиёб» поезди учун чипталар умуман қолмагани кўриниб турибди. Фақатгина йўловчи поездларидагина бўш жойлар сақланиб қолган.

14 сентябр ҳолатига кўра, Тошкент – Бухоро йўналишидаги «Афросиёб» поездида атиги 11 та ўрин қолган. Улар ҳам фақат Бизнес ва VIP классдаги жойлар бўлиб, чипта нархлари аҳоли учун қанчалик қулай экани эса савол остида қолмоқда.
Электр энергияси ва инфратузилма харажатларининг ўсиши поезд чипталари нархларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмоқда. Нархлар ошганига қарамасдан, «Афросиёб» каби йўналишларда талаб юқори бўлиб, чипта топиш ҳали ҳам қийин.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади