Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 сентябр куни ўтган йиғилишда вилоят иқтисодий салоҳияти, янги инвестиция лойиҳалари ва инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Унга кўра, барча туманлар пойтахт билан тезкор электр поездлар орқали боғланиши белгиланди. Бу орқали уй-жой қурилиши, хизматлар ва инфратузилмага талаб ортмоқчи, аҳоли эса Тошкентга қулай қатнов имкониятига эга бўлади.
Сўнгги саккиз йилда вилоятга 18 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилиб, минглаб саноат ва сервис корхоналари ишга туширилди. Фақатгина охирги уч йилда айланмаси 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган корхоналар сони қарийб икки баробарга ошган. Жорий йилнинг биринчи саккиз ойида вилоят экспорти бир миллиард доллардан ошиб, тарихий кўрсаткич қайд этилди.
Ҳозирда хитойлик инвесторлар иштирокида 2,1 миллиард долларлик саноат парклари ташкил этилмоқда. Президент қарорига кўра, 2025–2027 йиллардаги ривожланиш дастурлари доирасида 40 трлн сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Бу орқали ишсизлик ва камбағаллик даражасини йил якунига қадар 4,5 фоизга тушириш кўзда тутилган.
Йиғилишда Нурафшон, Олмалиқ ва Чирчиқда нимстанциялар қуриш, Бекободда автомобиль эҳтиёт қисмлари, Оққўрғонда озиқ-овқат ва тўқимачилик корхоналари ташкил этиш режалари тақдим қилинди. Шунингдек, Қорасув канали бўйида туризм ва савдо масканлари қуриш имкониятлари муҳокама этилди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам имкониятлар катта. 263 та маҳаллада боғдорчилик ва турли экин турларини йўлга қўйиш, «Агростар» компанияси орқали уруғ ва кўчат билан таъминлаш режалаштирилган. Президент маҳаллаларда ишсизликни бартараф этиш, аҳолини даромад манбалари билан таъминлаш муҳимлигини қайд этди.