Аргентина аёлларнинг туғуруқ туризмига чек қўймоқда

20:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Буэнос-Айрес Аргентинада фақат туғиш орқали фуқаролик олиш схемасини тўхтатиш учун қонунларини ўзгартирди, энди бу анча қийинлашади.

Argentina pergnant

Аргентина ҳукумати «туғуруқ туризми»ни тўхтатиш мақсадида миграция сиёсатини қатъийлаштирди. Бу ҳақда РБК агентлигига мамлакатнинг Россиядаги элчиси Энрике Игнасио Феррер Виейра маълум қилди. Унга кўра, айниқса россиялик аёллар сўнгги йилларда визасиз режимдан фойдаланиб, махсус равишда Аргентинада фарзанд кўриш ва фуқаролик олиш учун келишмоқда.

Янги тартибга кўра, катта ёшли хорижликлар Аргентина фуқаролигини олиш учун мамлакатда расман яшаш ҳуқуқига ва камида икки йиллик яшаш тажрибасига эга бўлиши шарт. Илгари эса мамлакат ҳудудида туғилган болалар автоматик тарзда фуқаролик олади ва уларнинг ота-онаси оилавий қайта бирлашиш механизми орқали осонликча фуқаролашарди.

Элчининг таъкидлашича, кўп россияликлар давлат мактаблари ва шифохоналардан фойдаланиб, кейинчалик мамлакатни тарк этиб, солиқ тўлашдан қочишмоқда. «Бу эса давлат хизматларини молиялаштиришда муаммо келтириб чиқаради», — деди у. Шу боис Аргентина ҳукумати туғуруқ ва таълим соҳасида суиистеъмол ҳолатларини чеклашга қарор қилди.

Расмий маълумотларга кўра, 2022–2023 йиллар оралиғида Аргентинага 23 мингдан ортиқ россиялик келган. Фақат 2023 йилнинг ўзида 3700 киши истиқомат гувоҳномаси олган, лекин уларнинг 75 фоизи кейинчалик мамлакатни тарк этган. 2022 йилда эса Аргентинага 10 500 нафар ҳомиладор россиялик аёллар кирган.

Бу қарор Аргентина паспортининг қадри билан боғлиқ. У 170 та мамлакатга визасиз кириш, шу жумладан, ЕИ, Япония, Буюк Британия ва АҚШдаги узоқ муддатли виза олиш имконини беради.

Аввалроқ айрим ОАВлар томонидан ўзбекистонлик қўшиқчи, 38 ёшли Муниса Ризаева ўзининг илк фарзандини Аргентинада дунёга келтиргани маълум қилинган эди.