Арманистон президенти Ваагн Хачатурян Россия энди Арманистонни «кичик ука» сифатида кўрмаслигини, аксинча мамлакатлар ўртасида тенг шериклик муносабатлари ўрнатилганини маълум қилди.
«Ҳозирда Россия билан муносабатларимиз бутунлай ўзгача -— тенг шериклик асосида. Россиянинг Арманистонга муносабати катта ака-кичик укадек эмас, балки оддий шериклик муносабатларидир. Аслида, сўнгги тўрт йил давомида биз айнан шундай муносабатларга эришишга интилган эдик», — деди Хачатурян RTVI’га берган интервюсида.
Президент таъкидлашича, Ереванда Россия ҳамкорлари Арманистон ҳукуматининг мустақил қарорларига ҳурмат кўрсатишига умид қилмоқда.
Шунингдек, у Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукнинг Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Европа Иттифоқи ўртасида танлов қилиши кераклиги ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди. Хачатуряннинг фикрича, Арманистон иқтисодиёти хилма-хил бўлиб, уни фақат бир йўналишга боғлаб қўйиб бўлмайди.
«Бу нимани англатишини Оверчукдан сўраш керак. Ҳар ҳолда, ҳозирча бизга ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти ва биз ҳеч қандай қоидани бузмаяпмиз. EОИИга нисбатан мавжуд шартлар бўйича ишламоқдамиз. Иқтисодий жиҳатдан Европа Иттифоқи билан мавжуд шартлар асосида ҳам фаолият юритмоқдамиз. Ҳар ҳолда, шу пайтгача ҳеч қандай муаммо юзага келмади», — дея изоҳ берди Арманистон президенти.
4 апрел куни Арманистон президенти Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Аммо Бош вазир Никол Пашинян бу жараён автоматик тарзда амалга ошмаслигини, масала референдум ўтказилишини талаб қилишини эслатиб ўтди.
Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук Ереваннинг ЕИ билан интеграция қадамларини Арманистоннинг ЕОИИдан чиқишининг бошланиши сифатида баҳолаган. Бироқ Арманистон иқтисодиёт вазири Геворг Папоян мамлакат ҳозирча ЕОИИдан чиқиш ниятида эмаслигини таъкидлади.