Непалда ижтимоий тармоқларни блоклашга уриниш мамлакат бўйлаб ёшлар қўзғолонини келтириб чиқарди. Натижада, бош вазир дохил бир неча вазирлар, парламент депутатлари истеъфога чиқди, Катманду кўчаларига ҳарбийлар чиқди. Аммо энг ажабланарлиси шундаки, ҳозирда давлатнинг келгуси раҳбарини белгилаш жараёни Discord платформасида кетмоқда, деб ёзмоқда The New York Times.
Ҳамма нарса Hami Nepal деб номланган фаоллар гуруҳи тузган махсус сервердан бошланди. Беш кунда унга 100 мингдан зиёд одам қўшилди. Бу ерда овозли, видео ва матнли муҳокамалар орқали давлат бошқарувига оид фикрлар билдирилмоқда. Телевидение ва медиа ҳам бу муҳокамаларни кўрсатишга мажбур бўлди — чунки ҳозирда ҳақиқий сиёсий муҳокамалар шу ерда.
Армия ҳатто сервер иштирокчиларига мурожаат қилиб, вақтинча раҳбар лавозимига номзод таклиф қилишларини сўради. Юзлаб номзодлар орасида собиқ Олий суд раиси Сушила Карки кўпчилик овозини олди. Карки президент Рам Чандра Пудел ва армия бош қўмондони Ашок Раж Сигдел билан учрашув ўтказган.
Шу билан бирга, муҳокамалар анча мураккаб кечмоқда. Ҳар ким серверга қўшилиши мумкин ва бу радикал чақириқлар хавфини юзага келтирган. Модераторлар мунтазам фильтрлаш ишларини олиб боришмоқда.
Энг қизиғи, сервер администраторлари ичида мактаб ўқувчилари ҳам бор. Троллар, ташқи давлатлардан таъсирлар блокланиб турибди.
Мутахассислар бундай кенг миқёсли Discord фаолиятини тарихда илк бор кузатаётганини таъкидламоқда. Бу узоқ муддатли сиёсий тизим бўлиши қийин, дейишса-да, кўплаб непалликлар учун мазкур рақамли муҳокамалар биринчи марта халқ овози эшитилган жой сифатида аҳамият касб этмоқда.